ИСТАНБУЛ, 8 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Ўзбекистон Бутунжаҳон ёшлар ассоциациясининг Туркиядаги вакиллиги билан ўзаро ҳамкорликда «Моварауннаҳр-2022» мавзусидаги маданий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Буюк аждодларимиз Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Али Қушчи ижодий меросига бағишланган ушбу тадбирда Туркияда таҳсил олаётган ватандош-талабалар, фаол блогерлар, «Turqua Group» таълим-консалтинг маркази ходимлари ва бошқалар иштирок этдилар.
Бош консулхона ходимларининг чиқишларида буюк ўзбек мутафаккирлари ва олимларининг миллий тарихимиз ҳамда адабиётимиз ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида атрофлича фикр юритилди. Шу ўрида бобокалонларимиз қолдирган улкан бой маданий-маънавий мерос бугунги ёшлар тарбиясида катта аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Алишер Навоий ва Бобур ижоди бутун турк халқларининг маданий-маърифий юксалишида алоҳида ўрин тутиши таъкидланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда ва бутун туркий давлатларда уларнинг ижодини ўрганиш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилаётгани ҳам қайд этилди.
Маданий-маърифий тадбир сўнггида Навоий ва Бобур қаламига мансуб муҳаббат ҳамда ватан соғинчи ҳақида ўқилган ғазал ҳамда рубойилар тадбирга ўзгача хуш кайфиятни бахш этди.