Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Қўқон халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқда


Қўқон халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқда

Қўқон шаҳрида “Қўқон хонлигининг Туркий халқлар давлатчилиги шаклланиши ва маданий меросида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий конференция бўлиб ўтмоқда.

Туркий давлатлар ташкилоти, Халқаро турк маданият ташкилоти (Турксой), Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда юртимизнинг барча ҳудудларидан профессор-ўқитувчилар, мутахассислар, хорижий давлатлардан, хусусан, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлардан келган тарихчи олимлар иштирок этмоқда. 

Тадбирни Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди ва анжуман ишига омад тилади. 

– Ўзбек, қирғиз, уйғур, қозоқ, қорақалпоқ ва бошқа кўплаб туркий халқларга макон бўлган Қўқон хонлиги, бағрикенглик ҳудуди бўлиш билан бирга, ўз даврининг маданият, санъат ва адабиётнинг ҳам аҳамиятли марказларидан бири бўлган, – дейди конференцияда сўз олган ТУРКСОЙ Бош котиби Султанбай Раев. – Турли миллат ва элатлар тотувлик, тинчлик ва осойишталикда ҳаёт кечирган Қўқон давлатининг бошқарув тизими ёки бошқача айтганда “Қўқон модели” бугунги кунда алоҳида тадқиқ этилиши лозим эканлигига ишонаман.

10 июнга қадар давом этадиган конференцияда Қўқон хонлигининг тарихи, давлатчилиги ва геосиёсий аҳамиятига бағишланган алоҳида сессиялар, шунингдек, “Туркий дунёнинг қалби – Фарғона водийси: ўтмиш, бугун ва келажак” мавзусидаги махсус сессия бўлиб ўтади.

– Халқаро миқёсда ташкил этилаётган илмий-амалий тадбирдан кўзланган асосий мақсад 1709 йилдан 1876 йилгача ва ундан кейинги даврда Марказий Осиёда Туркий давлатчиликнинг ривожланишида Қўқон хонлигининг ролини ўрганиш, бу даврдаги тарихий воқеалар билан танишиш, шунингдек, хонликнинг минтақадаги халқаро жараёнларга таъсирини аниқлаш, маданий ва меъморий меросини тарғиб қилиш ҳамда дунёга тараннум этишдир, – дейди Қўқон университети ректори Шерзоджон Мустафоқулов. – Қолаверса, конференцияда Ўзбекистоннинг қадимий Фарғона водийси ва Хўқанди латифнинг бой маданий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тарихини таҳлил қилган ҳолда, ёш олимлар ҳамда тадқиқотчиларни янада юксак мақсадларга ундаш, тарихни келажак авлодга ҳаққоний етказиб беришга оид муҳим таклиф ва мулоҳазалар ишлаб чиқилади.