Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Фарғонада Қўқон хонлигининг туркий халқлар тараққиётидаги ўрни мавзусига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди


Фарғонада Қўқон хонлигининг туркий халқлар тараққиётидаги ўрни мавзусига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 10 июнь. /«Дунё» АА/. Шу йил 8-9 июнь кунлари Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида «Қўқон хонлигининг туркий халқлар давлатчилиги ривожи ва маданий меросида тутган ўрни» мавзусига бағишланган илмий амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълумотига кўра, анжуманда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Венгрия каби мамлакатлар олимлари иштирок этдилар. Конференцияни Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

- Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2021 йил июнь ойида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти йиғилишида Қўқон шаҳри Туркий дунё «Туризм пойтахти» деб эълон қилинди, - деди Азиз Абдуҳакимов.-  Қўқонда ўтказилаётган бугунги халқаро конференциянинг мақсади Қўқон хонлигининг Туркий халқлар давлатчилиги ҳаётида тутган ўрни, мазкур давлат доирасида турли халқлар маданиятининг уйғунлашиб сермазмун қиёфа касб этиши тарихини ўрганишга қаратилган янги тадқиқотлар натижаларини чуқур муҳокама қилиш, уларни халқаро илмий жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш ва шу аснода Қўқон хонлигининг Туркий халқлар давлатчилиги тарихидаги ўрганилмай қолган жиҳатларни тадқиқ этиш борасидаги илмий изланишларга янги туртки беришдан иборатдир.

Анжуманда, шунингдек, Турксой бош котиби Султон Раев, Туркий кенгаш бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов ва бошқа хорижий  университетларнинг ректор ҳамда олимлари маъруза қилдилар.

 Таъкидлаш жоизки, конференция доирасида «Қўқон хонлигининг тарихи, давлатчилиги ва геосиёсий аҳамияти», «Қўқон хонлигида илм-фан ва маданиятнинг ривожланиши», «Ўрта Осиёда миллий уйғониш ҳаракатлари», «Туркий дунёнинг қалби - Фарғона водийси. Ўтмиш, бугун, келажак» мавзуларида ялпи сессиялар ўтказилди.

Конференция якунига кўра, тарихни келгуси авлодга ҳаққоний етказиб беришга оид муҳим таклиф ва мулоҳазалар ишлаб чиқилди.