
ТОШКЕНТ, 10 август. /«Дунё АА»/ «2021 йил Ўзбекистон учун туб бурилиш йили бўлиб, халқимиз ҳаётидаги янги муҳим жараён, айниқса, сиёсий партиялар ҳаётида катта аҳамиятга эга. Чунки жорий йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистон Президенти сайлови бўлиб ўтади. Президент сайловида халқимизнинг фаол иштирок этиши, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш устувор вазифа ҳисобланади», - дея таъкидлайди Тошкент давлат университети профессори, юридик фанлари доктори Феруза Муҳиддинова «Дунё» АА учун тақдим этган шарҳида.
- Биринчидан, мамлакатимиз ҳозирги замон сайлов ҳуқуқи халқ ҳокимиятини яққол намоён қиладиган муҳим конституциявий институтдир, - деб таъкидлаган эксперт. - Иккинчидан, Ўзбекистон сайлов қонунчилиги эркин демократик сайловлар ўтказиш бўйича халқаро сайлов андозалари мажмуини ташкил этувчи халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига тўла мос келади.
Учинчидан, Конституциянинг XXIII боби айнан сайлов тизимига бағишланган. Бош қомусимизнинг 17-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар», деган сайлов тизими принципларига бағишланган махсус бобнинг мавжудлиги Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигини шакллантиришдаги катта ютуғидир. «Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади» деган конституциявий норма билан мустаҳкамланганилигининг ўзи мазкур жараённинг конституциявий асосини ифода этади.
Тўртинчидан эса, 2021 йилдаги Президент сайлови Сайлов кодексида қайд этилган нормалар асосида ташкил этилади.
Президент сайловини ўтказишда округ сайлов комиссияларининг ўрни муҳимдир. Сайлов комиссиялари ўз фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ ташкилий-меъёрий ҳужжатлар, Низом ва йўриқномалар ҳам мавжуд бўлиб, албатта, барча жараён ҳуқуқий асослар асосида ташкил этилади. Мавжуд ҳолатни мисоллар билан тушунтирадиган бўлсак, биринчи навбатда, сайлов комиссиялари ҳар битта ўтказилган йиғилиш жараёни акс этган баённи юритади. Унга кўра, сайлов комиссияси мажлисида мажлис ўтказиладиган кундаги комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этсагина, мазкур мажлис ваколатли ҳисобланади. Шунингдек, комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан комиссия қарори қабул қилинади. Албатта, шу жараёнда ҳам очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида, комиссия аъзоларининг очиқ овоз бериши орқали комиссия қарори қонуний ҳисобланиши муҳимдир. Яна бир эътиборли жиҳати борки, мабодо комиссия аъзоларининг орасидан қарорга норози бўлса, бундай ҳолатда норозилик эътирозини ёзма шаклда баённомага илова қилиб мурожаат этишга ҳақлидир. Иккинчидан, учраб турадиган ҳолатлардан бири овозларнинг тенг бўлиб қолиши бўлиб, бунда шароитда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Жумладан, Сайлов кодексининг 2-боби сайлов округлари ва участкаларига бағишланган бўлиб, унинг 9-моддасида сайлов округларини тузиш белгиланган.
Ана шу нормага кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов округларини тузиш белгиланган.
Демак, бу йилги Президентлик сайловини ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида сайлов округлари тузилади.
Шу ўринда, округ сайлов комиссиялари қандай ваколатларга эга, деган саволга жавоб бериб ўтайлик.
Округ сайлов комиссиялари сайловга тайёргарлиги ва уни амалга ошириш тартибини аниқлаб олсак, мазкур тартиб сайлов кодексининг 8-моддасида белгиланган.
Қонунчиликка кўра, сайлов комиссиялари сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишда очиқлик ва ошкораликка амал қилиши кўрсатилган.
Айнан қандай ваколатларга эга эканлигини таҳлил қилсак, Сайлов кодексининг 22-моддасида округ сайлов комиссиясининг ваколатлари белгиланган. Жумладан, округ сайлов комиссияснинг асосий ваколатларидан бири – тегишли ҳудудда Сайлов кодекси ижросини назорат қилади, иккинчидан, сайлов участкалари округ сайлов комиссияси томонидан тузилади ҳамда сайлов участаклари рақамлаштирилади, яъни унинг тартиб рақами белгиланади.
Эътиборли томони шундаки, ҳар бир тузилган сайлов участкаларининг манзиллари бўйича рўйхат тузилгач, мазкур манзил жойи сайловчиларга маълум қилинади.
Округ сайлов комиссиялари участка сайлов комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Сайлов жараёнида иштирок этаётган президентликка номзодларга тенг шароитларни таъминлаб беради.
Майлов жараёнининг энг муҳим жиҳати бу – номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этиш.
Яна бир муҳим ваколати шундаки, округ сайлов комиссияси сайлов жараёнида сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга оид масалалар юзасидан ахборотини эшитади. Керак ҳолларда тўпланган маълумотлар асосида масалаларни ҳал этишга тавсия ва кўрсатма беради.
Барчамизга маълумки, сайлов жараёнининг муҳим талаби сайловчилар рўйхатларининг шакллантириш бўлиб, округ сайлов комиссияси участка сайлов комиссияси томонидан рўйхатнинг тузилиши ҳамда ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради.
Сайлов натижаларини аниқлаш ва уларни тегишинча Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиш ваколати ҳам мавжуд.
Бундан ташқари сайлов натижаларига кўра, такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов ўтказиш зарурати аниқланса, албатта, бу жараённи ташкил этиш ваколати ҳам округ сайлов комиссиясига берилган.
Округ сайлов комиссияси бутун ўз фаолияти даврида сайловчилар ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчилари томонидан тушган мурожаатларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиш ваколати доирасида амалга оширилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, санаб берилган ваколатларга асосан округ сайлов комиссиялари ўз ишини ташкил этади. Бу эса сайлов комиссиялари раиси ва аъзоларини қонунийликка амал қилишлари, мажлисларни ўтказишни режалаштириш ва қарорлар қабул қилишда Сайлов кодекси талабларини ўз вақтида ва аниқ бажаришларини талаб этади.
Зеро, янгиланаётган Ўзбекистонда Президент сайлови илк бор Сайлов кодекси асосида ўтказилаётганлиги ва жорий қилинган кўплаб янгиликларни амалиётда ифода этилиши бевосита округ сайлов комиссияларининг қарорлари билан тарих саҳифасига киради.