
ТОШКЕНТ, 12 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти «Сирдарё вилоятида қуввати 220 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳужжатда электр энергетика тармоғига тўғридан-туғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор ва сифатли таъминлаш вазифалари белгиланган.
Ўзбекистон ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Туркиянинг «Cengiz Enerji Sanayii ve Ticaret A.Ş.» (инвестор) ва «Cenergo» МЧЖ (лойиҳа) компаниялари билан ҳамкорликда Сирдарё вилоятида қуввати 220 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш инвестиция лойиҳасини амалга оширади.
Инвестор ва лойиҳа компанияси станцияни лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ҳамда 25 йил давомида эксплуатация қилиш мажбуриятларини олади. Инвестор лойиҳани амалга ошириш учун 140 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этади.
Бунадан ташқари, лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 1,6 миллион АҚШ доллари миқдорида банк кафолатини тақдим этиши назарда тутилмоқда.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олади ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга оширади.
Қарорга кўра, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ўн кун муддатда Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўрсатилган шартларга мос келадиган ер участкасининг Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб беради.