Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

ИТСВ: Истанбулда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди


ИТСВ: Истанбулда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 12 ноябрь. /«Дунё» АА/. «Туркия ва туркий мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар» конференцияси доирасида Истанбулда туркий давлатлар учун бир хил иқтисодий нигоҳларни белгилаш мақсадида вазирлар йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, тадбирда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Туркия савдо вазири Меҳмет Муш, Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов, Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазири Асет Иргалиев, Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Дониёр Амангелдиев иштирок этди.

Учрашувда Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари вакиллари кўп томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва туркий тилли давлатлар ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги тадбирлар ҳақида фикр алмашди. Муштарак қарашлар асосида савдо, инвестициялар, саноат, транспорт алоқаларини ривожлантириш, электрон тижорат ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш, бизнес ва минтақавий ҳамкорлик имкониятларидан фойдаланиш масалаларини акс эттирувчи яқин ва ўрта муддатли иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Хусусан, инвестициявий муҳитни тизимли такомиллаштириш бўйича мустаҳкам қонунчилик базасини яратиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорларни жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув иштирокчилари минтақа ичида ва трансчегаравий савдони ривожлантириш орқали туркий тилли мамлакатлар ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича қўшма чораларни кўришни қўллаб-қувватладилар. Туркий кенгашга аъзо давлатлар ўртасида имтиёзли ва эркин савдо режимларини ўрнатиш, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, божхона тартиб-таомилларини стандартлаштириш ҳамда мавжуд тариф ва нотариф тўсиқларни олиб ташлаш ишлари ҳам жадаллаштирилади.

Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари учун бизнес алоқаларни фаоллаштириш ҳамда ишбилармон доиралар ўртасида бевосита муносабатларни йўлга қўйиш мақсадида мунтазам равишда бизнес-форумлар, савдо миссиялари ва қўшма тадбирлар ўтказиш долзарблиги юзасидан якдил фикрга келинди.

Иқтисодиётнинг турли тармоқларига «яшил» технологияларни жорий этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга урғу берган ҳолда энергетика соҳасидаги ҳамкорликка ўзаро тайёрлик ҳам билдирилди.

Йиғилиш иштирокчилари минтақа мамлакатларининг транспорт ва транзит салоҳиятини ошириш, жумладан, транспорт-логистика инфратузилмасини кенгайтириш ва модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларда иштирок этиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Тадбир якунлари бўйича бир қатор муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, минтақанинг ички бозорларини ривожлантириш мақсадида Кенгашга аъзо давлатлар тадбиркорлари ва экспортчилари бевосита ўзаро ҳамкорлик қилишлари учун ягона электрон савдо майдончасини яратиш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишилди. Томонлар, шунингдек, минтақалараро саноат кооперациясини ривожлантириш ва қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқади.

Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар «яшил» технологиялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиб, тасдиқлашларига ҳамда 2022 йил сентябрида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган «Яшил энергетика» халқаро форумида ўз вакилларининг иштирокини таъминлашларига келишиб олинди.

Бир қатор қўшма тадбирлар, жумладан, туркий тилли давлатлар саноат ҳамкорлиги бўйича биринчи Форумини, шунингдек, Кенгашга аъзо мамлакатларнинг ёшлар вакиллари иштирокида ҳар йили Ёш тадбиркорлар Форумини ўтказишга келишиб олинди. Шу ўринда, томонлар Кенгашга аъзо мамлакатлар IT ва технопаркларининг ҳамкорлик дастурлари доирасида ёшлар тадбиркорлиги ва стартапларни илгари суриш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Учрашув якунида томонлар муҳокама этилган ташаббусларни амалда жорий қилиш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар ва кўриб чиқилган барча йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш шаклларини белгилаб олди.