Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Япониядан муносабат: Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларидаги янги имкониятлар


Япониядан муносабат: Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларидаги янги имкониятлар

ТОКИО, 16 ноябрь. «Дунё» АА/. Япониядаги Шизенкан университети талабаси, Ўзбекистон  ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг ушбу мамлакатдаги етакчиси Жўрабек Ҳасанов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Истанбулда ўтказилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммитидаги иштироки бўйича ўз муносабатини билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

– Туркиянинг Истанбул  шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида Ўзбекистоннинг иштироки малакатимизнинг халқаро муносабатларидаги янги имкониятларни тақдим этди. Жумладан, туризм ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Туркий кенгаш аъзолари бўлган Қозоғистон ва Туркия Ўзбекистоннинг ташқи савдо улушида Хитой ва Россиядан кейин 3-4 ўринларни эгаллайди. Фарғона водийси билан жуда яқин бўлган Қирғизистоннинг жанубий шаҳарлари ҳам юқори иқтисодий потенциалга эга. Ўзбекистон учун ушбу бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаш катта манфаат келтиради.

Шунингдек, тили, дини, маданияти, урф-одатлари, тарихий келиб чиқиши ва географик жойлашуви бир бўлган туркий давлатлар орасида сайёҳлик ва маданий алмашинувлар ривожлантириш истиқболлари ҳам катта аҳамиятга эга. Аъзо давлат мактаб ўқувчилари, талабалари учун Ўзбекистонга махсус экскурсия дастурларини ташкил этиш мамлакатимизда туризм соҳасининг ривожланишига ва халқлар ўртасидаги азалий ришталарни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, аъзо давлатлар илм-фан, транспорт ва логистика йўналишида ҳам юқори салоҳиятга эга. Ушбу имкониятлардан максимал даражада фойдаланиш муҳимлиги давр ва замон талаби ҳисобланади.