
МОСКВА, 16 ноябрь. /«Дунё» АА/. Москва давлат университети (МДУ) Осиё ва Африка мамлакатлари институтининг Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари кафедраси мудири Жибек Сиздикова «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 8-саммитидаги иштироки ва унда илгари сурилган ташаббуслар ҳақида муносабат билдирди.
- Истанбулда туркий тилда сўзлашувчи давлатлар саммити доирасида ёшларнинг замонавий дунёдаги ролини оширишга алоҳида ўрин берилди. Маълумки, Ўзбекистон аҳолиси туркий тилда сўзлашувчи давлатлар орасида Туркиядан кейин иккинчи ўринда туради, ёшлар эса аҳолининг кўпчилигини ташкил этади. Бир сўз билан айтганда, ёшлар - бизнинг келажагимиз. 2022 йил ёзида ёшлар саммитини ўтказиш ташаббуси менга алоҳида йўналиш бўлиб туюлди. Чунки мамлакатларимиз келажаги ёш зиёлиларга, уларнинг ўзаро муносабатларига, келажак дунёси қандай бўлишини тушунишга, авлодлар қандай бир-бирига боғланишига, ёшларнинг келажакка қандай муносабатда бўлишига боғлиқ.
Туркий дунёнинг маданий пойтахти Хива эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу ўтган йили эълон қилинди. Ҳозир эса Қўқон шаҳри туркий оламнинг сайёҳлик маркази сифатида эътироф этилди. Бу жуда қизиқарли шаҳар, чунки бу ерда турли халқларнинг тарихи кесишган.
Менинг назаримда, келажак ёшларнинг ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга кўтарадиган нарса, одамларнинг ўзаро муносабати ва бу, албатта, янги маданий юксалишдан далолат беради.
Кўп йиллардан бери февраль ойида Осиё ва Африка мамлакатлари институтида Алишер Навоийга бағишланган катта анжуманлар ўтказиб келинмоқда. Биз унинг шеърларини турли тилларда ўқиб, буюк шоирга бағишланган фильмларни томоша қилишдан завқланамиз. Дарҳақиқат, Алишер Навоий фақат шоир эмас, у мутафаккир, файласуф, созанда, яъни, барча халқлар учун ўрнак бўлган улкан шахсдир.
Туркий тилли давлатлар анжуманларида Ўзбекистон томонидан ўта жиддий ва муҳим қадамларга гувоҳ бўлаяпмиз. Бу тушунарли, деб ўйлайман, чунки Ўзбекистон жуда бой тарих, маданият ва буюк меросга эга.