
ИСТАНБУЛ, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. Туркия жамоатчилиги вакиллари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 ноябрь куни Туркий давлатлар кенгаши ташкилотининг навбатдаги саммитидаги иштирокига ўз муносабатлари билан ўртоқлашмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Истанбул университети Чоғдош турк лаҳжалари ва адабиётлари кафедраси доценти доктор Рейила Кашгарли Ўзбекистон Президенти томонидан саммитда илгари сурилган ташаббуслар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Рейила Кашгарли мамлакатимиз раҳбарининг транспорт-коммуникация алоқаларини ва саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратаётган эътибори барча иштирокчи давлатлар манфаатларига тенг жавоб беришини таъкидлади.
Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан туризмни ривожлантириш мавзусига алоҳида урғу берилгани, «Туркий дунё туризми» ва «Табаррук зиёрат» лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни таклиф қилгани катта аҳамият касб этиши маълум қилинди.
“Demirören Haber Ajansi” (“Демирорен” ахборот агентлиги) бош мудири Желал Коркут Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар кенгашида фаол иштирок этиши кенгашдан ташкилотга айланган мазкур халқаро бирлашмани янада кучли бўлишида, иштирокчи давлатлар салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил эканини билдирди.
Унинг сўзлари кўра, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуслар ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг энг долзарб соҳаларини қамраб олди.