
ИСТАНБУЛ, 24 ноябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси билан ҳамкорликда Истанбул тижорат университетида Ўзбек тили байрами куни ва Ўзбекистон давлат байроғи куни муносабати билан тантанали тадбир ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда 250 га яқин иштирокчи, жумладан, Истанбул тижорат университети ректори Южер Уғурлу, Туркиянинг энг йирик хусусий медиа-марказлардан бири бўлган DHA ахборот агентлиги бош мудири Желал Коркут, Туркия хорижий талабалар бирлашмаси координатори Эмре Оруч, нуфузли олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, маҳаллий журналист ва блогерлар, турк кино юлдузлари, Карабук, Кожаэли, Текирдоғ, Сакаря, Бурса университетларидаги талабалар қатнашди.
Анжуманни Южер Уғурлу ўзбек тилида табрик нутқи билан очиб, тилнинг инсоният ривожланишидаги ўрни, ўзбек тилининг бойлиги ва гўзаллиги ҳақида сўз юритди. Туркий тилларнинг лингвистик жиҳатдан холис ва етарли даражада ўрганилмагани, лекин сўнгги вақтларда бу борада Ўзбекистон томонидан сезиларли саъй-ҳаракатлар қилинаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга Туркия хорижий талабалар бирлашмаси координатори Эмре Оруч йиғилганларни қўшалоқ байрам билан табриклаб, ўзбек тили ва маданиятининг минтақада ўзига хос ўринга эгалигини билдирди.
Бош консулхона ходими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида мустақил Ўзбекистон тарихида илк марта давлат тили – ўзбек тилида нутқ сўзлагани, бутун дунё бўйлаб 50 миллиондан зиёд инсоннинг она тилида сўзланган бу нутқ нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий тилли давлатлар, туркий тилларда сўзлашувчилар томонидан ҳам муносиб кутиб олинганини алоҳида урғулади.
Ватанимиз, миллатимизнинг фахру ифтихори, озодлиги ва мустақиллигининг рамзи бўлмиш байроғимизни нуфузли халқаро ташкилотлар, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатия ваколатхоналари қаршисида ҳилпираб туриши барча учун ўзгача ҳиссиёт улашиши таъкидланди.
Байрам кечасида талабалар, таниқли журналист ва блогерлар, санъат усталари сўзга чиқди. Шунингдек, Туркияда истиқомат қилаётган фуқаролар фарзандлари тилидан янграган шеър ва табриклар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Тадбир сўнгида маданий дастур тақдим қилинди ҳамда байрамона дастурхон ёзилиб, ўзбек миллий таомлари тортиқ этилди.