Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркия билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда


Туркия билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

 

АНҚАРА, 11 февраль. /«Дунё» АА/. Сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби стратегик ҳамкор мамлакат - Туркия билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик борасида ҳам муайян муваффақиятлар қўлга киритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, икки мамлакат университетлари ўртасида илмий-амалий ҳамкорлик бўйича илгари фойдаланилмаган имкониятларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамда Бурдур Меҳмет Акиф Эрсой университети (MAKÜ) ўртасида имзоланган Академик ҳамкорлик меморандуми бу фикрни яққол тасдиқлайди.

“Бурдур янги кун” нашрининг ёзишича, онлайн тарзда ўтказилган мазкур тадбирда MAKÜ ректори, проф. Адем Кўркмаз, Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори, профессор Илҳомжон Тўхтасинов, Шарқ тиллари факультети декани, доцент Дилшод Жўраев, МАКÜ ректори маслаҳатчиси, доктор Мустафо Қилинч, ўқитувчи-профессорлар Дурсун Кўсе ва Байрам Билир иштирок этди.

Йиғилишда сўзга чиққан МАКÜ ректори Самарқанд кўҳна илм ўчоқларидан бири эканлигини қайд этар экан, Ота юртнинг бу шаҳрида жойлашган университет билан ҳамкорлик қилишдан мамнун эканлигини билдирди. У тузилган аҳднома икки қардош давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишини айтди.

Туркиялик профессор Адем Кўркмаз Бурдур Меҳмет Акиф Эрсой университети халқаро алоқаларга катта аҳамият беришини маълум қилар экан, ушбу меморандум доирасида ўз зиммаларидаги вазифаларини бажариш учун қатъий қадамлар ташланишини маълум таъкидлади.

Учрашув Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори, профессор Илҳомжон Тўхтасиновнинг институт ҳақида тақдим этган маълумотлар билан давом этди. У Самарқанд давлат чет тиллари институтида турк тили иккинчи чет тили сифатида ўқитилаётгани, 200 дан ортиқ талаба турк тилини ўрганишда давом этаётгани ва бу борадаги таълим сифатини янада кучайтириш учун 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Бурдур Меҳмет Акиф Эрсой университети тажрибасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлишини қайд этди.

“Томонлар Самарқанд шаҳрининг туризм имкониятларини алоҳида таъкидлаб, ўзаро ҳамкорликда мазкур шаҳарда илмий-амалий анжуманлар, қўшма симпозиум ва алмашув дастурларини ташкил этишга тайёр эканликларини қайд этдилар”, - деб ёзади “Бурдур янги кун” нашри.