Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди


Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 25 март. /«Дунё» АА/. Куни кеча «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Туркия Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Туркия Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланган “Муштарак тарих ва маданиятга асосланган Туркия – Ўзбекистон муносабатларининг 30 йиллиги” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

«Тараққиёт стратегияси» марказининг Ахборот хизматидан маълум қилинишича, ушбу тадбирда икки мамлакатнинг турли вазирлик ва идоралари, олий таълим муассасалари, тадқиқот марказлари, соҳа экспертлари ва етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида сиёсий-дипломатик, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан, конференция аввалида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик сезиларли даражада фаоллашганини қайд этди.

 Самарали ҳамкорлик ривожига асосий туртки бераётган муҳим омил сифатида икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган олий даражадаги учрашувлар, самимий мулоқотларнинг ўрни катта, албатта.

Жумладан, 2018 йилда янги мулоқот формати – олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши тузилди. 2020 йилда Анқарага Президент Шавкат Мирзиёев ташрифи доирасида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди.

Таъкидлаш лозимки, айниқса сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик сезиларли даражада фаоллашди. Буни  турли даражадаги икки давлат ташкилотлари ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бораётганида, парламентлараро, вазирлик-идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари, оддий фуқаролар ўртасидаги алоқалар мисолида кўриш мумкин.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 12 ноябрь куни Туркий кенгашнинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саккизинчи саммитдаги иштироки ҳамда Туркий Кенгаш номини «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартириш ва мазкур ташкилотнинг биринчи саммитини 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ўзаро савдо ҳажмининг жадал ўсиши натижасида 2021 йилда Туркия Ўзбекистоннинг тўртинчи ташқи савдо шеригига айланди. 2021 йил якунига келиб Ўзбекистон ва Туркиянинг умумий ташқи савдо кўрсатгичи 2016 йилга нисбатан 3 баробар ўсиб, 3 млрд. 388 млн. долларга етди. Яқин истиқболда мазкур кўрсаткичларни 5 млрд. долларга кўтариш режалаштирилган.  

Қолаверса, 2021 йил якунларига кўра, Туркия Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритган давлатлар учлигига кириб, 2021 йилнинг ўзида жами 1,18 млрд. доллар миқдорида сармоя киритган.

Тадбирда икки мамлакат ўртасидаги дипломатия муносабатларининг 30 йиллиги муносабати билан Туркиянинг элчиси ўринбосари Алижан Аксой ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, халқаро конференцияда Туркия миллий телеканали сиёсий шарҳловчиси Ахмет Йешилтепе, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг бўлим бошлиғи Баҳром Сотиболдиев, Киршеҳир Эрван университети профессори Нур Четин, Марказий Осиё халқаро институти бўлим бошлиғи Алишер Собиров маъруза билан иштирок этиб, Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг тарихи, бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Шунингдек, маърузачилар бой табиий ресурслар ва инсон капитали, чуқур давлатчилик тажрибаси ва маданий меросга эга Ўзбекистон сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг юқори суръатларини намойиш қилаётгани, Ўзбекистон минтақадаги барқарорлик ва фаровонлик борасида йўл кўрсатувчи, илҳом манбаи экани ҳамда Туркия порлоқ келажак сари қатъий қадамларида Ўзбекистон билан бирдамликда бўлишда давом этишини алоҳида эътироф этдилар.

Жумладан, барча соҳаларда, хусусан сиёсат, иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, хавфсизлик, маданият, ёшлар, таълим, матбуот ва инсоний муносабатлар каби соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг чуқурлашиб бораётгани нафақат Ўзбекистон ва Туркия халқларининг, балки қўшни давлатларнинг ҳам фаровонлиги, тинчлиги ва барқарорлигига катта ҳисса қўшади.

Маълумот учун қайд этиш жоизки, бугунги кунда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Туркиянинг Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар фонди (SETA), Туркиянинг Стратегик фикр институти  (SDE), Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Хориждаги турклар ва қардош жамоалар бошқармаси (YTB), Анқара инқироз ва сиёсат масалалари бўйича тадқиқотлар маркази (ANKASAM), Истанбул тижорат университети, “Соҳибқирон” номидаги Стратегик тадқиқотлар маркази (SASAM), “Мармара Групп” ижтимоий ва стратегик тадқиқотлар фонди, Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), Туркия Президенти ҳузуридаги Стратегия ва бюджет бошқармалари ўртасида фаол ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Конференция якунида маърузачилар иштирокчилар томонидан берилган барча савол-жавобларга батафсил жавоб қайтардилар.