ТОШКЕНТ, 29 март. /«Дунё» АА/. Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Кўксарой қароргоҳида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот маркази иш бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш муҳтарам меҳмоннинг ташриф дастуридан жой олган асосий банд ҳисобланади.
Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари ўртасидаги музокаралар кун тартибига икки томонлама дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари киритилган.
Савдо, инвестиция, инновация, саноат, логистика, туризм ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида қўшма ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашув дастурини фаол амалга оширишни давом эттиришга эътибор қаратилади. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ўзаро фикр алмашилади.
Саммит якунида Қўшма баёнот ва қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.