СИНГАПУР, 31 март. /«Дунё» АА/. Сингапурнинг Ўзбекистондаги элчиси (қароргоҳи Сингапурда) Зулкифли Бахаруддин «Дунё» ахборот агентлигига берган интервьюси чоғида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи юзасидан қуйидаги фикр-мулоҳазаларини баён этди:
- Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги мулоқотларнинг жадал ва очиқлиги, икки томонлама савдо кўрсаткичларининг ўсиши, ҳукумат делегациялари ва минтақалар вакилларининг мунтазам ташрифлари ўзаро ишончнинг кучайганидан ҳамда самарали ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган улкан ҳохишдан далолат беради.
Ўзбекистон Туркиянинг Марказий Осиёдаги энг ишончли ва узоқ муддатли шерикларидан бири бўлиб, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама стратегик шериклик муносабатларининг янада мустаҳкамланиши минтақавий даражадаги иқтисодий жараёнларга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг кўп қиррали икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини таъкидлар экан, ушбу кенгашнинг йиғилиши муҳим воқеа эканлигини қайд этди.
Бундан ташқари, кейинги пайтларда ҳамкорликнинг янги тармоқлари бўйича истиқболли йўналишлар очилмоқда. Хусусан, давлат раҳбарларининг савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, тўқимачилик саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар алмашув каби соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисидаги баёнотлари алоҳида эътиборга моликдир.
Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга буюрган ташрифи биринчи кунида Тошкент вилоятида замонавий иссиқлик электр станциясининг ишга туширилиши ҳамда Сирдарё вилоятида худди шундай станцияни қуриш лойиҳасининг бошланишига бағишланган маросимнинг ўтказилиши яна бир муҳим воқеа бўлди. Ушбу тадбирлар томонларнинг кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилишлари нақадар жиддий эканлигини таъкидлайди.