Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Юртимиздаги яна бир ноёб тарихий обида — Бухоро Аркидаги жомий масжиди тикланади ва таъмирланади


Юртимиздаги яна бир ноёб тарихий обида — Бухоро Аркидаги жомий масжиди тикланади ва таъмирланади

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан юртимизнинг яна бир ноёб тарихий обидаси — Бухоро Аркида жойлашган Жомий масжидини тиклаш ва таъмирлаш ишлари режалаштирилмоқда. Ушбу объектнинг реставрацияси ва лойиҳа-смета ишларини бажариш бўйича Маданий мерос объектларини асраш ва туризм ҳудудларининг мастер-режалари бўйича лойиҳалаштириш институти давлат муассасасига Туркия Республикаси ТИКА томонидан буюртма келган.

Эслатиб ўтамиз жорий йилнинг январь ойида Маданий мерос агентлиги директори Шаҳриёр Нуруллоев Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) раҳбари Жемалеттин Туней билан учрашган эди. Учрашувда Фарғона вилояти Риштон туманида жойлашган Бурҳониддин Ал-Марғиноний мақбарасини реставрация қилиш, Бухоро шаҳридаги Арк қалъаси Жоме масжидини таъмирлаш юзасидан ҳамкорлик олиб бориш бўйича келишувга эришилган.

Туркия Республикаси ТИКА томонидан кўзда тутилган «Жомий» масжидининг лойиҳа ва таъмирлаш-тиклаш ишларига сарф бўладиган маблағ тахминан 4,5-5 миллиард сўмга режалаштирилган.

Келишувга асосан Маданий мерос объектларини асраш ва туризм ҳудудларининг мастер-режалари бўйича лойиҳалаштириш институти мутахассислари 2022 йилнинг 5 апрелида Бухоро вилоятида хизмат сафарида бўлиб , Жомий масжидида ўлчов ишларини олиб борди. Яъни план, фасад, қирқим, девордаги ганч безаклари, шифтдаги нақш ишлари, устунлардаги ёғоч ўймакорлик ишлари ва уларга шикаст етган жойларидан нусхалар олинди.

Мутахассислар томонидан аниқланишича, масжиднинг шифтини тозалаш, балкаларда ёриқларни тузатиш ва зиён етган тўсинни алмаштириш лозим бўлади. Шунингдек, шимолий, шарқий ва жанубий тарафда жойлашган айвонларнинг шифтидаги конструкциялар, сарров, васса ва балкаларни чирк босган бўлиб, уларни қўл меҳнати билан тозалаш керак. Реставраторлар томонидан айвонларни, устунларни тозалаш, ёриқларини тўлдириш ва шимолий фасаддаги иккита устунни янгидан ясаб ўрнатиш лозимлиги белгилаб олинди.

Ўтган вақт давомида олиб борилган турли таъмирлаш ишлари натижасида масжиднинг тарихий аҳамиятга молик қисмларига зарар етказилган. Хусусан, масжид ҳамда айвон деворларидаги ганч ўймакорлик ишлари — дахана, рах, занжира, даврипойи, рута, китоба шарефа, равоқли безаклари усти бир неча маротаба «водоэмулсия» қилинган бўлиб, айрим қисмлари «мелавая побелка» билан бўялган. Натижада безаклар усти ёпилиб қолган ва реставрация давомида унинг тарихий аҳамиятини тиклаш зарурати юзага келган.

Режалаштирилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари давомида безаклар қайтадан тозаланиб, ўймакорлик ишлари бажарилиши ва аввалги ҳолатига келтириш керак.

Яна бир эътиборли жиҳат — масжид ва масжид айвонининг пол қисмида арчасимон ва тўртбурчак эшиклар билан таъмирлаш ишлари бажарилган. Ваҳоланки, тарихан масжид поли олти қиррали пишиқ ғишт билан терилган бўлган.