Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркия элчиси Янги Андижондаги қурилиш жараёни билан танишди


Туркия элчиси Янги Андижондаги қурилиш жараёни билан танишди

Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар Янги Андижон шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

Дастлаб элчи замонавий андозалар, илғор қурилиш технологиялари асосида барпо этилаётган Янги Андижон шаҳрининг бош режаси билан танишди, “Янги Андижон шаҳри” лойиҳаси ҳақида батафсил маълумотлар олди.

Ўтган йили вилоят аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Андижон тумани адирликларида 440 минг нафарга яқин аҳоли яшаши мумкин бўлган “Янги Андижон” шаҳрини барпо этиш ишлари бошланган. Умумий майдони 4 минг гектарни ташкил этадиган шаҳарнинг 1 минг 144 гектар майдонида турар-жойлар қад ростлайди. Шунингдек, 215 гектар майдонда савдо, 240 гектарда хизмат кўрсатиш, 76 гектарда саноат, 1 минг 942 гектарда яшил ҳудудлар ташкил этилади. Бундан ташқари, 364 гектар майдон йўллар ва бошқа инфраструктура объектларидан иборат бўлади.

 

 

“Янги Андижон” лойиҳаси 8 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 3 минг 310 хонадонли 170 та кўп қаватли уй-жой, 1 минг 680 ўринли мактаб, 385 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 200 қатновли поликлиника қурилади. Шунингдек, ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилади. Айни кунда мазкур ҳудудда қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Мазкур жараёнда Туркия қурилиш компаниялари вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Элчи Янги Андижон шаҳри қурилишида қатнашаётган ҳамюртлари туркиялик инвесторлар, қурилиш компаниялари вакиллари, лойиҳачи ҳамда қурувчилар билан учрашиб, мулоқот ўтказди. Олган Бекар Андижонда хорижлик мутахассис ва инвесторларнинг самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратилганлигини таъкидлаб, бунинг учун вилоят мутасаддиларига миннатдорлик билдирди. Андижондаги бунёдкорлик ишларида иштирок этаётган барча қурувчиларга, хусусан, туркиялик мутахассисларга куч-қувват, шижоат тилади.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМУРЗОҚОВ (сурат),ЎзА