Бугун, 14 май куни Истанбулда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ОАВ ва ахборот соҳасига масъул идоралари раҳбарларининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилиш доирасида ташкилотга аъзо давлатларнинг соҳа бўйича масъул раҳбарияти билан бирга мутасадди делегациялар ҳам ташриф буюришган.
Учрашувда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдад Амреев, Туркия Президенти Администрацияси Коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Фаҳреддин Алтун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, йиғилишда Қозоғистон ахборот ва жамоатчиликни ривожлантириш вазири Асқар Умаров, Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазирлиги хавфсизлик сиёсати бўйича давлат котиби Петер Штарай, Озарбайжон Президенти ёрдамчиси Ҳикмат Ҳажиев, Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти директори Салкин Сарногоева, Туркманистоннинг Анқарадаги элчиси Ишанкули Аманлиевлар ҳам қатнашмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан Агентлик директори А.Ходжаев Ўзбекистонда ОАВ ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини таъминлаш, ахборот хизматларини такомиллаштириш орқали давлат органлари фаолияти шаффофлиги ва очиқлиги, халқ олдида ҳисобдорлигини йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, юқори технологияли замонавий медиани ривожлантиришда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва мулоқотлар кўламини кенгайтириш борасида таклифларини билдирди. Хусусан:
– Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар теледастурлари, босма ОАВ, ахборот агентликлари, интернет нашрлари маҳсулотлари билан танишиш учун туркий тилли мамлакатлар фуқароларига мақбул шароитлар яратиш;
– тарбиявий аҳамиятга эга телефильмлар, телесериаллар ва мультфильмлар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик ва ахборот алмашинувини олиб бориш;
– ҳар йили электрон ва даврий босма нашрлардан фаолият юритаётган журналистлар танловини уюштириш;
– аъзо давлатларнинг миллий кунларида теледастурлар ҳамда бошқа тегишли ҳужжатли фильмлар ва бошқа ахборотларни трансляция қилиш имкониятини таъминлаш мақсадида аъзо давлатларнинг миллий телеканаллари ўртасидаги ҳамкорлик келишувларини ўрнатиш ва бошқа муҳим таклифларни илгари сурди.
Йиғилиш давомида билдирилган таклиф ва ташаббуслар юзасидан музокаралар олиб борилди. Келажакда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланди.