Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

ЎзА ва “Анадолу” раҳбарлари ўринбосарлари Истанбулда учрашув ўтказди


ЎзА ва “Анадолу” раҳбарлари ўринбосарлари Истанбулда учрашув ўтказди

ЎзАда аввал хабар қилинганидек, шу кунларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо ва кузатувчи мамлакатлар оммавий ахборот воситалари раҳбар ходимларининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров ҳам иштирок этяпти. Тадбир доирасида С.Шукуров мезбон томон таклифига биноан энг яқин ҳамкорларимиздан бири, нафақат Туркия, балки жаҳон ахборот маконидаги етакчи минбарлар қаторида тан олинадиган “Анадолу” ахборот агентлиги (АА) бош директори ўринбосари Юсуф Ўзхан билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масаласи муҳокама этилди. Масъуллар асосий эътиборни икки давлат етакчи ахборот агентликлари ўртасида имзоланган амалдаги ҳужжат – Ҳамкорлик битими ижроси самарадорлигини таъминлашга қаратишди. Хусусан, бугунги кун талабидан келиб чиқиб, ахборот алмашишнинг замонавий, тезкор ва ўзаро манфаатли усулларидан фойдаланган ҳолда изчил шерикликни йўлга қўйиш, кадрлар малакасини ошириш, илғор тажриба алмашиш, айниқса, фото мухбирлар маҳорати ва кўникмасини мунтазам ўстириш имконини берувчи замонавий технологияларни биргаликда ўзлаштириб бориш бўйича фикр алмашилди.

Томонлар асосий йиғилишда кўтарилган замонавий ахборот соҳасининг энг долзарб масалалардан бири – дезинформацияга қарши кураш, нотўғри, асосланмаган ахборот тарқатилишининг олдини олиш юзасидан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги бўйича якдил ёндашувни тасдиқладилар. 

ЎзА раҳбарининг биринчи ўринбосари бу борада сўнгги йилларда мамакатимизда, жумладан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. 

Ушбу муаммони бартараф этишда мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама, шунингдек туркий тилли давлатлараро асрлар давомида шаклланган, қардошлик, биродарлик тамойилларига асосланган яқин дўстона алоқаларга таяниш мақсадга мувофиқлиги эътироф этилди.

Суҳбат сўнгида ҳар икки томон ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида - жорий йилнинг 29 март куни давлатимизнинг ягона расмий ахборот манбаи ва мамлакатдаги етакчи ахборот агентлиги – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва худди шундай, Туркиянинг асосий ахборот узатувчи органи – “Анадолу” ўртасида Ҳамкорлик битими тузилган.

Давлатларимиз ўртасидаги мавжуд яқин алоқаларга таяниб, икки мамлакатда ҳамда жаҳонда юз бераётган воқеалар тўғрисида мунтазам ишончли маълумот алмашишни таъминловчи ушбу муҳим ҳужжатни ЎзА номидан Бош директор Абдусаид Кўчимов ва АА томонидан “Анадолу” ахборот агентлиги бошқаруви кенгаши раиси – Бош директор Сердар Карагўз имзолаган эдилар.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА