Нигде — туркий тилли давлатларни жамлади

12-14 май кунлари Туркиянинг Қайсари вилояти, Нигде шаҳрида Туркий дунё журналистлари федерацияси, Турк дунёси маданият, санъат ва киночилар вақфи ҳамда Омар Ҳалисдемир университети томонидан Турк дунёси коммуникация ва санъати халқаро симпозиуми бўлиб ўтди.
Унда туркий тилли давлатларнинг ўн учта етакчи университетлари қаторида ташкил этилганига эндигина тўрт йил тўладиган ёш ва навқирон Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳам тенг иштирок этди.

Университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа мазкур нуфузли симпозиумда иштирок этаётган олимлар, журналистлар ва бошқа йўналишлардаги фан ва санъат вакилларини тили, дили, дини бир, урф-одатлари яқин бўлган туркий халқларни рамзий маънода бирлаштираётган симпозиумнинг тантанали очилишида видео табрик йўллади.
Шунингдек, университетнинг Медиа назарияси ва амалиёти кафедраси профессор-ўқитувчиларидан – филология фанлари номзоди, доцент Назира Тошпўлатова, умидли олималаримиз Забаржад Бобожонова ҳамда Санобар Жумановалар бевосита бориб қатнашган бўлса, Акбар Нурматов, Алижон Сафаров, Маҳзуна Бозорова, Мукаррам Отамуродова онлайн тарзда ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Қилинган хар бир маъруза симпозиум қатнашчилари томонидан эьтироф этилди. Анжуман доирасида қардош давлатларнинг қатор университетлари олимлари билан танишиш, яқиндан мулоқотда бўлиш, келгусида ҳамкорлик қилишга режалар тузилди. Айниқса, халқаро анжуманда илк бор бориб қатнашган ёш олимлар учун жуда катта илмий ва ижодий тажриба бўлди.

Симпозиумдаги барча иштирокчиларининг маърузалари 2022 йил сўнгига қадар электрон тўплам ҳолида эълон қилинади.