Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

«Тараққиёт стратегияси» маркази жамоаси XXV Евроосиё иқтисодий саммитида иштирок этди


«Тараққиёт стратегияси» маркази жамоаси XXV Евроосиё иқтисодий саммитида иштирок этди

Туркиянинг «Мармара груп» стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди дунёдаги нуфузли ва таниқли «ақл марказлари»дан бири ҳисобланади.

Фонд ўз фаолияти давомида долзарб муаммоларга бағишланган халқаро семинар, конференция ва учрашувлар ташкил этиб келмоқда. Жумладан, фонд томонидан ҳар йили анъанавий тарзда Евроосиё иқтисодий саммити ўтказиб келинади.

Хусусан, 7-10 июнь кунлари Истанбул шаҳрида XXV Евроосиё иқтисодий саммити ташкил этилди. «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда марказ экспертлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси аъзолари ушбу нуфузли саммитда иштирок этди.

Умуман, бу йилги саммитда 44 та мамлакатдан ва ўндан ортиқ турли халқаро ташкилотдан вакиллар, жумладан, 5 та давлатнинг амалдаги президенти, 15 та давлатнинг собиқ президенти ва ҳукумат раҳбарлари, 20 та вазир, 7 та вазир ўринбосари, 10 та турли шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари (мерлари) қатнашди.

Саммит ишини Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим ҳамда Истанбул шаҳар маъмурияти вакиллари мувофиқлаштириб борди.

Самарали ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилган мазкур саммит доирасида Ўзбекистон делегацияси вакиллари томонидан мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, сўнгги беш йилда эришилган иқтисодий кўрсаткичлар, қулай инвестициявий муҳит ва хорижлик инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

Жумладан, «Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган стратегик мақсадлар ва вазифалар ҳақида саммит қатнашчиларига сўзлаб берди.

Шунингдек, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан инглиз тилида чоп қилинган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” номли рисола анжуманга йиғилган Туркиянинг етакчи сиёсий ва ишбилармон доиралари вакиллари ҳамда хорижлик иштирокчиларга тарқатилди.

Шу билан бирга, ушбу нуфузли анжуман доирасида Ўзбекистон делегацияси ва саммитда иштирок этган халқаро ташкилотлар ҳамда дунёнинг етакчи «ақл марказлари» ўртасида амалий натижаларга бой бўлган бир қатор учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, 2021 йилда ташкил этилган Евроосиё иқтисодий саммити доирасида «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда «Мармара груп» ижтимоий ва стратегик тадқиқотлар фонди ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Унга мувофиқ ҳамкорликда долзарб муаммоларга бағишланган семинар, конференция ва икки томонлама учрашувлар ташкил этиб келинмоқда.