ТОШКЕНТ, 13 июнь. /«Дунё» АА/. «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги делегация Туркияда ташкил этилган 25-Евроосиё иқтисодий саммитда қатнашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Марказ маълумотига кўра, нуфузли саммит дунёдаги нуфузли ва етакчи «ақл марказлари»дан бири ҳисобланган «Мармара груп» стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди томонидан ташкил этилди.
Бу йилги саммитда дунёнинг 44 мамлакатидан ва ўндан ортиқ турли халқаро ташкилотлардан вакиллар, жумладан, 5 та давлатнинг амалдаги президентлари, 15 та давлатнинг собиқ президентлари ва ҳукумат раҳбарлари, вазирлар, ва бошқа мутасаддилар қатнашди.
Саммит ишини Туркиянинг собиқ Бош вазири ва Буюк Миллат Мажлиси спикери, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим ҳамда Истанбул шаҳар маъмурияти вакиллари мувофиқлаштириб борди.
Самарали ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилган мазкур саммит доирасида ўзбекистонлик делегация вакиллари томонидан мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, сўнгги беш йилда эришилган иқтисодий кўрсаткичлар, қулай инвестицион муҳит ва хорижлик инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот тадқим этилди.
Халқаро анжуманда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков маъруза қилди. Марказ директори «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»да кўзда тутилган стратегик мақсадлар ва вазифалар ҳақида саммит қатнашчиларига сўзлаб берди.
Шунингдек, «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан инглиз тилида чоп қилинган «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» номли рисола анжуман иштирокчиларига тақдим этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари дунёнинг етакчи «ақл марказлари» вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, 2021 йилда ўтказилган Евроосиё иқтисодий саммити доирасида «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда «Мармара груп» ижтимоий ва стратегик тадқиқотлар фонди ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Унга мувофиқ ҳамкорликда долзарб муаммоларга бағишланган семинар, конференция ва икки томонлама учрашувлар ташкил этиб келинмоқда.