Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркиядаги самарали учрашувлар


Туркиядаги самарали учрашувлар

Аввал хабар берганимиздек, «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертлари ҳамда бир қатор вилоят ҳокимликлари ва вазирликлар раҳбарларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Туркиянинг «Мармара груп» стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди томонидан ташкил этилган XXV Евроосиё иқтисодий саммитида иштирок этди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ушбу нуфузли саммит доирасида халқаро анжуманга ташриф буюрган қатор халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи «ақл марказлари» ҳамда нуфузли компаниялар раҳбарлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган учрашувлар ўтказди.

Ташрифнинг дастлабки кунида Э.Туляков дунёнинг 35 та давлатида «DʼS DAMAT» бренди остида ном қозонган, Туркияда текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришда етакчи бўлган «DAMAT» компанияси бошқаруви кенгаши аъзоси Кубра Оракчиўғлу Казан билан учрашди. Мулоқот чоғида Э.Туляков Ўзбекистонда текстиль соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ютуқ ва имкониятлар, шунингдек, умумий иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида сўзлаб берди.

Ўз навбатида, К.Оракчиўғлу Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича салоҳияти, хусусан, минтақани текстиль хабига айлантириш борасидаги имкониятларга тўхталиб, мамлакатда «DAMAT» компанияси фаолиятини йўлга қўйиш истаги борлигини билдириб ўтди.

Учрашув якунида Э.Туляков Марказ жамоаси Ўзбекистонда «DAMAT» компанияси фаолиятини йўлга қўйиш борасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга кўмаклашишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Туркиянинг «Otokar Koc Group» компанияси фаолияти билан танишилди

Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг Туркияга ташрифи доирасида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 1963 йилдан буён фуқаро транспортларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келаётган «Otokar Koc Group» компанияси масъуллари билан учрашди.

Учрашувда Тошкент шаҳрида «Otokar» электр автобуслари қатновини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилиниб, шу мақсадда «Otokar» электр автобуси «тест драйв» – синовдан ўтказилди. Якунда ҳамкорлик масалалари ва имкониятларини батафсил ўрганиб чиқишга келишиб олинди.

Тежамкор суғориш технологияларидан фойдаланиш замон талаби

Саммит доирасида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда тежамкор суғориш технологияларига ихтисослашган «Hydrain» компанияси вакили – лойиҳа менежери Тунжа Топрак ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтди. 

Мулоқот аввалида Э.Туляков Ўзбекистонда бугунги глобал иқлим ўзгаришларидан келиб чиққан ҳолда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, илм орқали яшил энергетика соҳасини ривожлантириш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш борасида эришилган ютуқлар ҳамда бу борада 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлар бўйича сўз юритди.

Ўз навбатида, Т.Топрак Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси иқлим шароитларидан келиб чиқиб, ёмғир ва ер ости сувлари резервуарини барпо қилиш ва улардан самарали фойдаланиш технологияларига қаратилган лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш таклифини илгари сурди.

Т.Топрак Ўзбекистонда табиий ресурслар, хусусан, сув манбаларидан қишлоқ хўжалиги ва кундалик ҳаётда оқилона фойдаланиш, соҳага юқори ва тежамкор технологияларни жорий қилиш бўйича олиб борилаётган амалий чора-тадбирларга эътибор қаратиб, мазкур масалада Туркиянинг мутасадди ташкилотлари ва хусусий бизнес доиралари тажрибасини ўзбекистонлик ҳамкорлар билан муҳокама қилиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик одимлари

Дўстона мулоқот ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган учрашувлар саммитнинг сўнгги кунида ҳам давом этди. Хусусан, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Э. Туляков XXV Евроосиё иқтисодий саммити иштирокчиси «Анадолу шифохоналари» гуруҳи раҳбарияти – ижроия кенгаши аъзоси Шукру Шимшир билан учрашди.

«Анадолу шифохоналари» гуруҳи 1993 йилда ташкил топган бўлиб, Анталия вилоятида 7 та кўп тармоқли шифохона ва Туркия бўйлаб бир нечта поликлиникаларга эга. Марказий бошқарув аппарати – «Anatolia International» хорижий беморлар билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштиради. Бугунги кунда «Анадолу шифохоналари» гуруҳи асосан кардиология, офтальмология, урология, аллергология, гастроэнтерология, радиология, гинекология, нейрофизиология ва пульмонология йўналишларида фаолият юритиб келмоқда.

Учрашувда Э.Туляков ва Ш.Шимшир шифокорлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан, тиббиёт соҳаси бошқаруви, кадрлар малакасини ошириш, тажриба алмашиш, Ўзбекистонга илғор тиббиёт технологиялари ва асбоб-ускуналарни олиб кириш, янги замонавий шифохоналар қуриш бўйича музокаралар олиб бориш масаласини муҳокама қилдилар.

Ўз ўрнида, Э.Туляков «Анадолу шифохоналари» гуруҳи вакилларини Ўзбекистонга таклиф қилиб, мутасадди вазирлик ва идоралар билан учрашувларни ташкил этишга тайёрлигини билдириб ўтди.

Шунингдек,  Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳамда эришилган натижалар бўйича маълумот бериб, ушбу ислоҳотлар Тараққиёт стратегияси доирасида изчил давом эттирилиши, хусусан, соҳада хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш, тиббий хизмат кўрсатиш қамровини кенгайтириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, тиббий хизматларни марказлаштириш ва аҳолини тиббий суғурталаш амалиётини жорий қилиш каби мақсадлар белгиланганлигини алоҳида эътироф этди.

Учрашув якунида юқоридаги масалаларнинг жорий ҳолатини ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир зарур чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан алоҳида «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА