Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Наманганлик ёшлар Туркияда стажировка ўтамоқда


Наманганлик ёшлар Туркияда стажировка ўтамоқда

Ўтган ҳафта давомида Туркия Жумҳуриятининг Измир шаҳрида Ўзбекистон - Туркия олий таълим муассасалари форуми бўлиб ўтди. Унда техник ҳамда инженерлик соҳасида кадрлар тайёрлайдиган 20 дан ортиқ олийгоҳларнинг ректор, проректорлари ва вазирлик масъулларидан иборат мамлакатимиз делегацияси ва Туркиянинг элликдан ортиқ олий ўқув юртлари вакиллари иштирок этди.

Форумда Наманган муҳандислик-технология институти ректори, профессор Одилжон Маматкаримов ҳам иштирок этиб, Туркиянинг ўндан зиёд етакчи олий ўқув юртлари билан мустаҳкам алоқаларни ўрнатди.

Халқаро форумдаги келишувларнинг натижаси ўлароқ, айни кунларда институтнинг 14 нафар магистранти Туркия Жумҳуриятининг Газиосманпаша университетида стажировка ўтамоқда.

– Биз учун таълим йўналишлари ва мутахассисликлар кесимида лаборатория марказлари бўйлаб учрашувлар ташкил этилди, – дейди Наманган муҳандислик-технология институти магистранти Достонбек Муҳитдинов. – Университетнинг Кимё-технология, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, муҳандислик, робототехника каби лаборатория марказларида тажрибалар ўтказяпмиз. Туркиядаги тенгдошлар билан мулоқот қилдик, дўст тутиндик.

Институт делегацияси аъзолари сафар давомида Туркия олий таълим муассасалари билан мулоқот ўтказиб, анжуманлар ташкил этиш, амалий ва фундаментал лойиҳаларда биргаликда қатнашиш, ҳамкорликда илмий тадқиқот-ишларини олиб бориш сингари бир қатор долзарб масалаларни муҳокама қилди.

Маълумот учун, Наманган муҳандислик-технология институтининг 14 нафар профессор-ўқитувчиларидан иборат яна бир гуруҳ аъзолари Туркиянинг Измир шаҳридаги Эгей университетига малака ошириш курсларида иштирок этиш учун жўнаб кетмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА