Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркий дунё: илғор агросаноат ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўлида ҳамкорлик


Туркий дунё: илғор агросаноат ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўлида ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан туркий давлатлар ўртасида аграр соҳада ҳамкорлик бўйича янги механизм яратилди.

Ўзбекистон олиб бораётган фаол ва очиқ ташқи сиёсат бугунги кунда янги ҳамкорлик йўналишларини кашф қилмоқда. Бу, ўз навбатида, барча соҳаларда хорижлик шериклар билан ўзаро манфаатли ва самарадор алоқалар ўрнатилиши ва ривожланишига замин яратмоқда. 

Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан халқаро ва минтақавий ташкилотлар – БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) ва Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида илгари сурилган салмоқли ғоялар ва таклифлар амалиётда ўз ифодасини топмоқда.

Шу ўринда давлатимиз раҳбари томонидан Туркий давлатлар ташкилоти доирасида илгари сурилган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон ТДТга 2019 йилда тўлақонли аъзо бўлиб кирган бўлсада, ўтган қисқа муддат давомида Ташкилотга фаол ташаббускорлик руҳини олиб кирди ҳамда муҳим тадбирлар ташкил қилинди.

Хусусан, жорий йилнинг 3-4 июль кунлари Тошкент мезбонлик қилаётган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг биринчи йиғилишини ҳамда Туркий агрофорумни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси 2021 йил 31 март куни Ташкилотнинг норасмий саммитида Президентимиз томонидан илгари сурилган эди. 

Пандемиянинг салбий оқибатлари натижасида юзага келган иқтисодий қийинчиликлар, товарларни “ишлаб чиқариш – етказиш” занжирининг узилишлари, халқаро муносабатлар тизимининг кескин ўзгаришига сабаб бўлаётган геосиёсий жараёнлар, шунингдек, ортга қайтариб бўлмайдиган даражага етиб келган экологик муаммолар ҳамда иқлим ўзгариши бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солиб, айрим давлатларда ҳатто очарчилик хавфини юзага келтирмоқда.

Айнан шундай мураккаб даврда Туркий давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирлари биринчи йиғилиши ҳамда Туркий агрофорумнинг Ўзбекистонда ўтказилиши туркий давлатлар ўртасидаги янги ҳамкорлик механизмини яратибгина қолмай, балки бутун минтақада мавжуд бўлган озиқ-овқат билан боғлиқ муаммоларга биргаликда ечим топишда муҳим платформа ҳисобланади.

Шу ўринда, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан эълон қилинган айрим рақамларга мурожаат қилиш эътиборга молик. ФАО маълумотига кўра, бугунги кунда дунё бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда озиқ-овқатларнинг халқаро савдоси учун жами ер ресурсларининг 37 фоизи ҳамда сув манбаларининг 29 фоизи сарфланади. Агар айрим минтақалардаги кескин сув танқислиги, қишлоқ хўжалиги учун яроқли ерларнинг камлиги ҳамда чўллашиш жараёнининг тезлашиб бораётганлигини инобатга олсак, глобал ҳамда минтақавий даражадаги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда мукаммал ишловчи аграр тизимни яратиш ҳаётий зарурат эканлиги яққол кўзга ташланади.

ФАО Бош директори Цюй Дунъюй 2022 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозор муносабатларидаги ўрни бўйича эълон қилган ҳисоботида самарали савдо-сотиқ бутун дунё бўйича озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли турмуш-тарзини яхшилашга хизмат қилувчи муҳим драйвер эканлигини таъкидлайди. Бундан ташқари, савдо-сотиқ алоқаларини ривожлантириш озиқ-овқат таъминоти тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш билан бир қаторда, танқис ҳисобланган табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланишга, шунингдек, замонавий технологияларнинг кенг ёйилишига шароит яратади. Статистик маълумотларга кўра, дунёдаги кам даромадли мамлакатларда савдо харажатлари товар тан нархидан 400 фоизгача қиммат бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда. Давлатлардаги турли хил божхона тарифлари, суғурта тўловлари, товарларнинг экспорт ва импорт жараёнларида чегараларда ушланиб қолиш ҳолатлари билан боғлиқ харажатлар ва бошқа турли хил стандартларнинг мавжудлиги савдо харажатларининг ошишига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан ҳисобланади.

Тошкентда ўтказилаётган Туркий давлатлар агрофоруми қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат таъминоти соҳасида банд бўлган кластерлар, фермерлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ишбилармон доиралар  ўртасида тўғридан-тўғри хорижий шериклар билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишига имконият яратади. 160 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг жами савдо айланмаси 815 миллиард долларни ташкил этади. Аммо Ташкилот иштирокчилари ўртасидаги ўзаро савдо айирбошлаш ўтган йиллар давомида 33,2 миллиард долларлик кўрсаткич билан кифояланган (умумий ташқи савдонинг 4 фоизи). Рақамлар туркий давлатлар ўртасидаги айрим ҳамкорлик алоқаларида ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар ва салоҳият етарли эканлигини кўрсатади. 

Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу тадбирлар туркий давлатлар ўртасида аграр соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ушбу соҳада келажакда биргаликда қилиниши лозим бўлган ишларни белгилаб олишда муҳим ҳисобланади. Ташкилотга аъзо ҳисобланган Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, шунингек, кузатувчи давлатлар Венгрия ҳамда Туркманистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни қайта ишлаш ва сақлаш бўйича бой тажрибага эга. Хусусан, Туркия бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – асал, ўрмон ёнғоқлари, анжир, ўрик ва узум етиштириш ҳамда уларни экспорт қилиш бўйича дунёнинг етакчи давлатларидан ҳисобланади. Туркия 2023 йилгача қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича дунёнинг энг кучли бешталигига киришни режалаштирган. 

Қолаверса, туркий давлатлар қишлоқ хўжалиги соҳасида тузилмада кузатувчи мақомидаги Венгриянинг илғор тажрибасидан фойдаланиши муҳим аҳамият касб этади. Ушбу мамлакатнинг 70 фоиз ҳудуди айнан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштирилганлиги ва аграр соҳадаги кўплаб илмий муассасаларнинг фаолият кўрсатиши Венгриянинг аграр соҳада етакчи давлатлардан эканлигини кўрсатади. 

Шу ўринда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича йўлга қўйилган икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари тўғрисида тўхталиб ўтиш жоиз. 2021 йилнинг 30 март куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Тошкент вилоятида картошка етиштиришга ихтисослашган ўзбек-венгер илмий маркази очилиши ва фаолиятининг йўлга қўйилиши мутахассислар томонидан истиқболли лойиҳа сифатида баҳоланмоқда. Хусусан, 2021-2023 йилларда картошка ҳосилдорлигини 30-50 фоизгача ошириш мўлжалланган бўлса, 2024 йилга бориб картошка уруғини маҳаллий даражада етиштириш ва импорт қилишни тўхтатиш режалаштирилмоқда.

Туркий давлатларнинг барчаси ўзига хос ер-сув ресурслари ва иқлимининг алоҳида хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, маълум йўналишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан анъанавий тарзда шуғулланиб келган. Нисбатан тоғли ҳудудларга эга бўлган Озарбайжон ва Қирғизистонда боғдорчилик соҳаси ривожланаётган бўлса, Қозоғистон донли маҳсулотларни экспорт қилишда минтақадаги етакчи давлат ҳисобланади. Ҳудудининг катта қисмини чўл ва даштликлар ташкил қилган Туркманистон пахта етиштириш ҳажми бўйича Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистондан кейин иккинчи ўринда туради. Тарихдан маълумки, аграр маданият қардош туркий халқлар ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб, асрлар давомидаги ўзаро алоқалар натижасида бир бирини бойитиб келган. Бугунги кунда ривожланган давлатларда замонавий технологиялар ва инновацион ёндашувларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасига кириб келганлиги ва кенг қўлланилаётгани натижасида эришилаётган муваффақиятлар ушбу ҳамкорлик йўналишида туркий давлатлар ўртасида ўзаро алоқаларни янада кучайтириш, тажриба алмашиш ва мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топишга ундамоқда.

Тошкентда ўтказилаётган ушбу юқори даражадаги тадбирлар қардош туркий халқлар ўртасидаги ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, янги ҳамкорлик уфқларини кенгайтиради.

Р.НУРИМБЕТОВ,

     Ташқи ишлар вазирлиги

    Минтақавий ташкилотлар билан 

  ҳамкорлик бошқармаси  бошлиғи.

 

М.МУСТАФОЕВ,

    Ташқи ишлар вазирлиги

    Минтақавий ташкилотлар билан 

                     ҳамкорлик бошқармаси 2-котиби.

ЎзА