Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркия жамоатчилиги Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга катта қизиқиш билан қарамоқда


Туркия жамоатчилиги Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга катта қизиқиш билан қарамоқда

АНҚАРА, 27 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси мазкур мамлакатнинг расмий ахборот агентлиги - “Анадолу” вакилларини қабул қилиб, мулоқот олиб борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Учрашувда жаҳондаги етакчи ахборот минбарларидан бири ҳисобланган “Анадолу” агентлигининг Ўзбекистондаги ҳамкорлари, хусусан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан мавжуд алоқаларини янада мустаҳкамлаш, жорий йил март ойида икки ташкилот ўртасида имзоланган Ҳамкорлик битимида кўзда тутилган мақсадларни рўёбга чиқариш имкониятлари муҳокама этилди.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар, хусусан, бугунги кунда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди. “Анадолу” агентлиги вакиллари билан бу жараёнда яқиндан ҳамкорлик қилиш, ахборот соҳасининг муҳим масаласи – нотўғри ва ёлғон хабарларга қарши курашиш, нохолис, асосланмаган ахборот тарқатилишининг олдини олиш масаласида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Туркия ахборот воситалари ва жамоатчилиги Ўзбекистондаги конституциявий ислотҳотларга катта қизиқиш билан қараётгани, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Конституциявий қонун лойиҳаси инфографикаси “Анкасам” тадқиқот маркази томонидан турк тилига таржима қилиниб, ижтимоий тармоқларда кенг жойлаштираётгани ҳам бу фикрни тасдиқлаши таъкидланди.

Ўзаро ҳамкорликни нафақат икки, балки кўп томонлама форматда ҳам кучайтиришнинг мақсадга мувофиқлиги таъкидланиб, туркий тилли давлатлар ўртасидаги азалий умумий қадриятларга таянган ҳолда ахборот соҳасида ҳам яқин алоқаларни ривожлантиришга келишиб олинди.

Бу йил Ўзбекистонда кўплаб халқаро тадбирлар кўзда тутилгани, хусусан, сентябрь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, ноябрда эса Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитлари айнан Ўзбекистон заминида бўлишини таъкидлаган “Анадолу” вакиллари мазкур тадбирларни кенг ёритишда фаол иштирок этишга тайёр эканини билдирди.