Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида ўтказиладиган халқаро маданий анжуманлар Туркия матбуоти саҳифаларида


Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида ўтказиладиган халқаро маданий анжуманлар Туркия матбуоти саҳифаларида

АНҚАРА, 31 июль. /“Дунё” АА/. Туркиянинг «POSTA» газетасида “Фестиваллар – Янги Ўзбекистоннинг ажралмас қисми” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Туркия Республикаси Радио ва телевидение Олий кенгаши мутахассиси Аҳмет Акалин қаламига мансуб ушбу мақолада Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўтган йиллар мобайнида туризм соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, хусусан, анъанавий маҳаллий фестивалларни тиклаш, уларга халқаро мақом бериш, ўзбек бахшичилик, ҳунармандчилик, лазги санъатлари, қадимий шаҳарларнинг ўзига хос анъаналарини янада ривожлантириш ва дунёга танитиш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича фикр юритилган.

“Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида сўнгги олти йил давомида янги тараққиёт даврига қадам қўйган қардош юрт – Ўзбекистон барча соҳаларда бўлгани каби туризм жабҳасида эришган муваффрқиятлари билан ҳам тез-тез жаҳон жамоатчилигининг эътиборига тушиб келмоқда. “The Economist” журнали 2019 йилда Ўзбекистонни “Йил мамлакати”, деб эълон қилган эди.

Яқинда “TIME” журнали ҳам Ўзбекистонни “Тарихий Ипак йўлининг маркази”,  деб таърифлар экан, мамлакатимизни “Дунёнинг энг ажойиб туризм йўналишлари - 2022” рўйхатига киритди. Албатта, бу муваффақиятларнинг барчасида мазкур қардош ўлка эга бўлган тарихий, гуманитар ва маданий қадриятлар муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти ташаббуслари билан ўтган даврда турли анъанавий фестивалларнинг қайта тиклангани ва ривожлантирилгани ҳам Янги Ўзбекистоннинг сайёҳлик борасидаги муваффақиятларининг ажралмас қисми ҳисобланади”, деб ёзади муаллиф.

Мақолада Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон, Наманган, Шаҳрисабз каби шаҳарларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий тараққиётига катта ҳисса қўшиб келаётган  халқаро фестиваллар тўғрисида батафсил маълумотлар газетхонларнинг эътиборига ҳавола этилган.

“Янги Ўзбекистон фестиваллари оддий байрамлардан анча фарқ қилади. Чукни бу ўлкага келаётган сайёҳлар Осиё халқлари  эртакларида номлари зикр этилган қаҳрамонлар билан танишиш ва узоқ мозийга саёҳат қилиш имкониятига эга. Шунингдек, хорижлик меҳмонлар дунё ташвишларидан халос бўлиб, “Минг бир кеча” эртакларида номлари келтирилган мафтункор шаҳарларда уюштириладиган маданий тадбирларида худди ўша шаҳар аҳли вакилидек иштирок этишлари, мусиқадан тортиб киногача, таомдан тортиб либосларгача – барча-барчасидан бевосита баҳраманд бўлишлари мумкин”, деб ёзади муаллиф.