Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Шифокорларимиз тиббий менежмент бўйича Туркияда малака оширади


Шифокорларимиз тиббий менежмент бўйича Туркияда малака оширади

Ўзбекистон ва Туркия Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумга кўра, дастлабки шифокорлар гуруҳи Туркияга малака ошириш учун юборилган эди.

Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқлари, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари ва тиббиёт муассасалари бош шифокорларидан иборат 25 кишилик иккинчи гуруҳ Анқара шаҳрига тиббий менежмент курсларини ўташ учун жўнаб кетди.

Улар хизмат сафари давомида Туркиядаги соғлиқни сақлаш тизимининг, вилоят ва туман даражасида бошқарувнинг тузилиши, шаҳар шифохоналари бошқаруви, соҳадаги ташхислаш ва даволаш стандартларига риоя этилиши ҳамда унинг назорати билан танишади.

Шунингдек, бирламчи тизимнинг тузилиши ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳажми, тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этиш, соҳадаги молиялаштириш тизимининг ўзига хослиги ҳамда тиббий туризмни ташкиллаштириш механизмлари бўйича тажриба тўплайди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш йўллари, тиббий аутсорсинг тизимларининг Туркияда амалда бўлган шакллари билан яқиндан танишади.

Мутахассислар зиммасига бу борадаги замонавий тажрибалардан миллий тиббиётимизга татбиқ қилиниши мумкин бўлган жабҳаларнинг тўлиқ механизмини ўрганиб келиш вазифаси юклатилди, дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.