ТОШКЕНТ, 2 август. /«Дунё»АА/. Уч мамлакатнинг ташқи сиёсат, савдо, иқтисодиёт ва транспорт масалаларига масъул бўлган вазирликлари раҳбарларининг биринчи йиғилишида Туркия савдо вазири Мехмет Муш сўзга чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
У ўз нутқида, жумладан, қуйидагиларни қайд этди:
- Умумий тарих ва маданий қадриятларга эга бўлган Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркиянинг ташқи сиёсат, савдо, иқтисодиёт ва транспорт масалаларига масъул бўлган вазирликлари раҳбарларининг уч томонлама учрашуви Осиё ва Европа ўртасида йўлак яратади.
Мен бугунги учрашувда қабул қилинган қароримиз мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни жадаллаштириши баробарида минтақавий ҳамкорлигимизни ҳам ривожлантиради, деб ҳисоблайман.
Мамлакатларимизнинг ялпи ички маҳсулоти маблағ ҳисобида 900 миллиард доллардан ошади, 130 миллион кишига етадиган аҳолига эга бўлиши бизларнинг салмоқли салоҳиятга эга эканлигимиздан далолат беради.
Биз Озарбайжон ва Ўзбекистон билан имзолаган преференциал савдо битимлари бизларнинг бу салоҳиятни ҳаётга тадбиқ этишга бераётган аҳамиятимиздан далолатдир. Мен мазкур битимларнинг амал қилишининг соҳалари кенгайиб бориши билан бизларнинг тижорий муносабатларимизда янги давр бошланади, деб ҳисоблайман.