
Бугун, 6 август куни Миллий олимпия қўмитаси биносида V Ислом бирдамлик ўйинларида иштирок этувчи Ўзбекистон делегацияси мусобақага кўтаринки руҳда кузатиб қўйилди.
IV Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 121 нафар спортчи билан қатнашган, бу гал 265 нафар атлет Туркияга йўл олмоқда.
Расмий кузатиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, вазир ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, маданият вазири Озодбек Назарбеков, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Равшан Эрматов, Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев, спортчиларнинг ота-оналари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Мутасаддилар спортчиларига мазкур мусобақада омад тилашди.
Шундан сўнг мамлакатимиз спорт делегациясининг байроқдори, қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати совриндори Зайнаб Дайибековага Ўзбекистон байроғи тантанали равишда топширилди.
Шу тариқа Ўзбекистон делегацияси V Ислом бирдамлик ўйинларига кузатиб қўйилди.
Маълумот учун, кеча V Ислом бирдамлик ўйинларида мусобақа расмий очилишидан олдин велоспорт бўйча беллашувларга старт берилган эди. Қувонарлиси, мусобақадаги илк медаль бизни узоқ куттирмади. Яъни ҳамюртимиз София Каримова V Ислом бирдамлик ўйинларида велоспорт бўйича бронза медални қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, V Ислом бирдамлик ўйинларида дунёнинг 55 мамлакатидан спортчиларнинг иштирок этиши кутилмоқда. Ўйинлар Туркиянинг Коня шаҳридаги 8 та иншоотда ўтказилади.