
Ортда қолган 9 кунлик мусобақа давомида бир қатор спорт турларидаги баҳслар якунига етди. Жумладан, спорт курашлари, таэквондо, енгил атлетика, велоспорт йўналишидаги барча тоифаларда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Бугунгача Ислом бирдамлиги мусобақаларида ўйналаётган 483 та медалнинг 196 та жамланмаси ўз соҳибларини топди.
Эътиборли жиҳати, бугунгача якунланган баҳслар сарҳисобига кўра, ушбу медаллардан 20 та олтин, 17 та кумуш ҳамда 26 та бронза ҳамюртларимизга тегишли бўлди.

Бугун ўйинларнинг 10-кунги мусобақалари бошланиши олдидан Туркия жамоаси 60-59-50, жами 169 та медалга эга бўлган тарзда пешқадамлик қилаётган бўлса, улардан кейинги ўринни 27-23-23, жами 73 та медаль билан Эрон 2-ўринда, умумий ҳолатда 63 та медални қўлга киритган Ўзбекистон спортчилари кучли учликда бормоқда.
Бевосита кеча якунланган мусобақаларга тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон делегациясига куннинг илк медалини оғир атлетика баҳсларида Муҳаммадқодир Тоштемиров тортиқ этди. У 81 кг. вазн тоифасининг даст кўтариш машқида олтин медалга эга чиқди. Муҳаммадқодир силтаб кўтаришда 190 кг. ва икки кураш ҳисобида 354 кг. билан бронза медали соҳиби бўлди.
V Ислом бирдамлиги ўйинларининг шосседаги гуруҳ пойгаси дастурида велоспортчимиз Олга Забелинскаядан сўнг ҳамюртимиз Маргарита Мисюрина финиш чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтди. Шу тарзда ҳамюртларимиз олтин ва кумуш медалларни қўлга киритди. Ушбу олтин медаль Олганинг Ислом бирдамлиги ўйинларидаги учинчи олтини бўлди.
Юнон-рум курашидаги баҳсларда Жалгасбай Бердимуратов 87 кг. вазн тоифасининг финалида эронлик Рамин Солтанмурод билан курашди ва 11:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Ёш курашчимиз Аброр Атабоев 67 кг. вазн тоифасида марокашлик Билол Ал Баҳжани 9:0 ҳисобида енгиб, 3-ўринни эгаллади. 60 кг. вазнда гиламга чиққан Муҳаммадқодир Юсупов эронлик рақибини мағлуб этиб, Аброрнинг натижасини такрорлади – 3-ўрин.
Бадиий гимнастикачиларимиз жамоавий ва яккалик йўналишларида яхши иштирок этди. Вакилаларимиз Тахмина Икромова, Сабина Ташкенбоева ҳамда Ясмина Раҳимова яккалик ва икки кураш дастурларида 2 та кумуш медалга сазовор бўлди.
Бир кун муқаддам бошланган сузиш баҳсларида вакилларимиз белгиланган режа асосида иштирок этмоқда. Кечаги мусобақаларда эркин усулда 4х100 метр йўналишда кечган эстафета баҳсларида сузувчи йигитларимиз кумуш ва бронза медалларига эга чиқишди.

Ўйинларнинг гандбол баҳси ярим финал учрашувида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Озарбайжонга қарши баҳсда 27:40 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Агар ушбу учрашувда гандболчиларимиз зафар қучганида олтин медаль учун курашни давом эттирарди. Энди ҳамюртларимиз Камерун жамоаси билан бронза масаласини ҳал қилишади.
Бугун, 14 август куни Ислом бирдамлиги ўйинларининг дастуридан ўрин олган 8 та спорт туридаги йўналиш ва вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланса, футбол, баскетбол 3х3, волейбол ўйинларида сўнгги саралаш, ярим финал ўйинлари бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА