Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Тошкентда географик кўрсаткичларни қўллаш бўйича Молдова ва Туркия тажрибаси ўрганилмоқда


Тошкентда географик кўрсаткичларни қўллаш бўйича Молдова ва Туркия тажрибаси ўрганилмоқда

Тошкент шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) халқаро экспертлари иштирокида Ўзбекистонда географик кўрсаткичларни янада самарали жорий этиш ва улардан фойдаланиш бўйича тренинг ўтказилди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Адлия вазирлиги ходимлари учун ФАОнинг "Географик кўрсаткичлар орқали барқарор озиқ-овқат тизимларини мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, географик кўрсаткич – бу хусусияти ва обрўси унинг келиб чиқиши билан боғлиқ бўлган ўзига хос географик келиб чиқишга эга маҳсулотларга қўлланиладиган белги. Прованснинг зайтун мойи, Хитой ва Лион ипаклари, Самарқанд қоғози, Бавария пивоси, Бразилия қаҳваси, шотланд вискиси, Цейлон чойи, Бордо, Луар ва Бургундиянинг узумзор ва винолари бунга ёрқин мисол бўла олади.

Қисқаси, географик кўрсаткичлар маҳсулотларнинг географик келиб чиқиши ҳақида ўзига хос белгилар бўлиб, бу уларнинг сифати ва ўзига хос хусусияти кафолати ҳисобланади.

ФАО мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилган ҳамда яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Географик кўрсаткичлар тўғрисида"ги қонуни туфайли мамлакатимизда уларнинг келиб чиқиш жойи билан чамбарчас боғлиқ бўлган анъанавий товарлар "географик кўрсаткичлар" мақомига эга бўлиши ва интеллектуал мулк объекти сифатида ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиши мумкин.

Тренинг давомида Туркия патент ва товар белгилари идорасининг Географик кўрсаткичлар бўлими бошлиғи Ҳакан Қизилтепе Туркиядаги интеллектуал мулк ҳуқуқлари ва географик кўрсаткичлар тизими ҳақида тақдимот қилди ва географик кўрсаткич логотиплари, товар белгилари ва бошқа сифат белгилари ўртасидаги фарқларни тушунтириб берди, шунингдек, уларни амалга ошириш учун амалий воситалар ҳақида гапириб берди.

Туркия Республикаси қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг географик кўрсаткичлар бўлимидан Неше Алтинташ ўз тақдимотида Туркияда географик кўрсаткичларни назорат қилиш, сертификатлаш ва мониторинг қилиш қандай ташкил этилгани ва истеъмолчилар тўғрисида хабардорлик бўйича тадқиқотлар қандай олиб борилиши ҳақида гапириб берди.

Молдовa Республикаси интеллектуал мулк Давлат агентлигининг товар белгилари департаменти раҳбари Симион Левичи мамлакатда географик кўрсаткичларни қўллаш бўйича илғор тажрибадан фойдаланиш масалаларига тўхталди.

ФАОнинг аграр сиёсат бўйича мутахассиси Дмитрий Звягинцев эса ўз чиқишида географик кўрсаткичларни жорий этиш фермер хўжаликлари даромадини ошириш ва қишлоқ жойларини барқарор ривожлантиришга қандай хизмат қилишини асослаб берди.

Таъкидлаш жоизки, географик кўрсаткичларни кенг жорий этиш орқали Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларини ривожлантириш ФАО томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг асосий мақсади ҳисобланади. Лойиҳанинг амалга оширилиши қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларига маркетинг стратегиясини аниқлашга имкон беради, шу билан истеъмолчиларнинг хабардорлигини оширади ва бозор иштирокчиларининг ўзаро қизиқишини кучайтиради.

ЎзА