Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг АКТ соҳасига масъул вазирлик ва идоралари раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтди


Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг АКТ соҳасига масъул вазирлик ва идоралари раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 26 октябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган «ICTWEEK UZBEKISTAN –2022» Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатларнинг ахборот-коммуникация технологияларига масъул вазирлик ва идоралари раҳбарлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда  «Дунё» АА мухбири.

 

Унда ТДТга аъзо мамлакатларнинг ахборот-коммуникация технологияларига масъул вазирлик ва идоралари раҳбарлари, ташкилот Бош котиби Бағдод Амреев  иштирок этди. ТДТ АКТ вазирларининг бу галги тўртинчи учрашуви Самарқандда шу йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши кутилаётган ташкилот давлат раҳбарлари саммити кун тартибига мувофиқлиги ва ҳамкорликнинг келгуси истиқболларини белгилаб олишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

«Бугун халқаро миқёсда ТДТ ўз муносиб ўрнини топиб, унга аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланиб бораётган бир пайтда давлатларимизнинг ахборот- коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этади, деди Бағдод Амреев. Бугун бутун дунёда, жумладан, туркий давлатларда ҳам инновацион ва рақамли экотизимлар кенг жорий этилмоқда. Ташкилот аъзолари ўртасида IT-соҳасидаги интеграцияни чуқурлаштириш, биргаликда яратилган тизимлардан кенг фойдаланиш лозим. Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган «ақлли шаҳарлар» бўйича ташаббусни ҳам биргаликда амалга оширишимиз учун барча асослар бор. Бугунги сингари учрашувларда ана шу масалалар юзасидан фикрлашиб олсак, айни муддао бўлади».

Йиғилишда ТДТга аъзо мамлакатлар вакиллари кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикрларини билдириб, бир қатор ташаббусларни илгари суришди.

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ташкилотга аъзо давлатларни рақамли технологиялар бўйича Европа билан боғлашда Туркия муҳим ўрин эгаллашини таъкидлади.

Йиғилиш якунлари бўйича муҳокама қилинган масалалар юзасидан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Меморандум имзоланди.