АНҚАРА, 21 январь. /«Дунё» АА/. Туркиянинг “TRT AVAZ”, “TRT Haber”, “Son Dakika” ва бошқа етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва халқаро ҳаётида юз бераётган муҳим воқеаларга бағишлаган мақолалар чоп этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, “TRT AVAZ”да эълон қилинган “Ўзбекистон ва Сингапур икки томонлама ҳамкорликни яхшилашга келишиб олди” сарлавҳали мақолада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга буюрган давлат ташрифининг тафсилотлари қаламга олинган.
Таъкидланишича, томонлар Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга, давлат кадрларини тайёрлаш, сармоя, “яшил” технологиялар ва шаҳарсозлик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.
Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида савдо, саноат, таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор шартномалар имзолангани хабар қилинган.
Мақолада, шунингдек, устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон-Сингапур инвестиция компаниясини ташкил этиш бўйича келишувга эришилгани ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
“TRT Haber” нашрида “Ўзбекистон Жидда шаҳрида бўлиб ўтадиган ислом санъати биенналесига ҳозирлик кўрмоқда” сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада жорий йилнинг 23 январидан 23 апрелигача Жидда шаҳрида (Саудия Арабистони) ташкил этиладиган Ислом санъатининг илк кўргазмаси доирасида Ўзбекистон 17 та нодир экспонатни тақдим этиши тўғрисида айтилган.
Хусусан, экспонатлар орасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланаётган VIII асрга оид «Катта Лангар Қуръони» номи билан аталадиган Қуръони Каримнинг бир неча саҳифалари, Ислом оламининг энг муҳим қўлёзмаларидан бири бўлган XVII асрга оид Имом ал-Бухорийнинг “Aл-Жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўплами, X-XII асрларга оид ноёб ҳунармандчилик буюмлари, миллий либослар ҳамда бошқа кўплаб маънавий ва моддий бойликлар мавжудлигига эътибор қаратилган.
“TRT Haber”да чоп этилган навбатдаги мақола Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалаларига бағишланган.
Томонларнинг расмий баёнотига таяниб хабар қилинишича, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган чегара шартномаси бутун минтақа манфаатларига жавоб беради.
“Son Dakika” янгиликлар портали ўз ўқувчиларини хорижий давлатларга саёҳат қилувчи ўзбекистонликлар тўғрисидаги маълумот билан таништирган. Унга кўра, 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида 619 минг 100 кишидан 220 минг нафар ўзбекистонлик Туркияга сафар қилган.
Бундан ташқари, Туркия матбуоти Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига таяниб мамлакатимиз аҳолиси сони тўғрисидаги сўнгги маълумотни ҳам турк жамоатчилиги эътиборига ҳавола қилган.
Келтирилган рақамларга кўра, айни пайтда Ўзбекистон аҳолиси 36 миллион кишидан ошган. “Эркаклар сони 18 миллион 128 минг 578 нафар, аёллар эса – 17 миллион 896 минг 368 нафарни ташкил этади. Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида энг ёш ва энг тез ўсаётган аҳолига эга бўлган давлатдир”, деб ёзади Туркия матбуоти.