
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Измир шаҳрида жойлашган Эгей университети нафақат Туркиядаги, балки жаҳондаги нуфузли университетлардан бири ҳисобланади. Университетда компьютер, электрон, озиқ-овқат, кимё, енгил саноат муҳандислиги, машинасозлик, тиббиёт, денгиз транспорти ва бошқаруви каби қатор йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади. Илмий-амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Эгей университетининг табиий фанлар факультети декани, профессор Динчер Аяз, биология бўлими бошлиғи, профессор Керим Чичек ва биология фанлари доктори, профессор Феррах Сайимлар Андижон давлат университетида бўлди.
Дастлаб меҳмонлар Андижон давлат университети ректори, профессор Акрамжон Юлдашев қабулида бўлди. Учрашув аввалида Акрамжон Юлдашев Туркияда юз берган зилзила оқибатида минглаб инсонлар вафот этганлиги учун университет жамоаси номидан меҳмонларга ҳамдардлик билдирди.
Мулоқотда ҳамкорлик доирасида жорий ўқув йилидан амалга оширилиши режалаштирилган қўшма таълим дастурини ташкил этиш ва амалга ошириш механизмлари, шу йилнинг май ойида ўтказилиши режалаштирилган халқаро илмий-амалий конференцияни ташкил этиш ҳамда ўтказиш масалалари муҳокама этилди. Шундан сўнг, университетда ташкил этилган Ўзбек-Турк қўшма таълим маркази ва унинг келгусидаги фаолияти юзасидан табиий фанлар факультети профессор-ўқитувчилари билан фикр алмашилди.
Эгей университети профессорлари иштирокида Андижон давлат университети талаба ва магистрантлари учун уч кун давомида белгиланган график асосида маъруза машғулотлари ўтказилиши белгиланган.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА