
Жорий йилнинг 9 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янгиланаётган Конституция лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Конституция ҳар бир давлатнинг асосий ҳуқуқий ҳужжати бўлиб, унинг меъёрлари нафақат давлат тузуми, давлат ҳокимияти ва бошқарувини ташкил этиш принципларини, балки ижтимоий ҳаёт меъёрларини ҳам белгилаб беради. Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам, инсонни улуғлаш, унинг шаъни ва қадр-қимматини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Ўтган давр давомида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклифлар ва фикрлар асосида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Конституциямизга киритилаётган ўзгаришлар ҳамда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларни аҳолининг барча қатламларига етказиш мақсадида ОАВ ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланилди.
Умумхалқ муҳокамаси даврида вазирлик, идора ва ташкилотларда, сиёсий партияларда, сайловчилар билан учрашувларда аксарият депутатлар, сенаторлар, давлат органлари, фуқаролик жамияти институти вакиллари кўмагида жами 20 мингга яқин муҳокамалар ўтказилди. Бу жараёнда Ўзбекистон Экологик партияси ва унинг парламентдаги фракцияси аъзолари ҳам фаол қатнашди.
Йиғилишда сўз олган депутатлар Конституцияга киритилаётган асосий ўзгартиришлар ҳаётнинг барча соҳасини қамраб олганлигини, айниқса, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ечими сифатида кўриш мумкинлигини таъкидлашди.
Хусусан, янгиланаётган Конституцияда давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамланаётгани алоҳида қайд этилди.
Депутатларнинг айтишича, бу ўз навбатида, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, қурилишларнинг табиатга зарарли таъсирига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтириш имконини беради.
Бош қомусимизни давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириши, шунингдек Оролбўйи минтақасидаги экологик тизимни муҳофаза қилиш ва тиклаш, минтақани барқарор ижтимоий, иқтисодий ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўриши каби нормалар билан тўлдирилиши фракция аъзолари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди. Зеро, бу партия сайловолди дастурига ҳамоҳанг бўлиб, мамлакатимизнинг экологик барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Фракция аъзолари Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича қилинган ишларни эътироф этиб, халқимиз таклифи асосида тайёрланган қонун лойиҳасини қабул қилиш масаласини ҳам халқнинг ўзи референдумда ҳал қилиши зарурлигини билдирди.
Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.