Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркиядаги ўзбекистонликлар Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича муддатидан олдин овоз бериш жараёнида фаол қатнашмоқда


Туркиядаги ўзбекистонликлар Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича муддатидан олдин овоз бериш жараёнида фаол қатнашмоқда

АНҚАРА, 20 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида ташкил этилган 43-референдум участкасида ҳамда Анталия шаҳрида «Asialux travel» туроператори биносида Ўзбекистон Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдумига муддатидан олдин овоз бериш жараёни бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА мухбири.

 

Муддатидан олдин овоз беришда Анқара, Анталия, Алания ва қўшни шаҳарларда бўлиб турган, хусусан, Туркия ҳудудида вақтинча ва доимий меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келаётган ҳамда таълим олаётган ватандошларимиз иштирок этаяпти.

Таъкидлаш лозимки, Туркия ҳудудида муддатидан олдин овоз бериш жараёнининг тинч ва хавфсиз ўтишида маҳаллий мутасадди ташкилотлар томонидан кўмак кўрсатилмоқда.

Туркиянинг йирик туризм марказларидан бири ҳисобланган Анталия шаҳрига меҳнат ва дам олиш мақсадида ташриф буюрган фуқароларимиз учун муддатидан аввал референдумни мазкур шаҳарда ўтказиш ватандошларимиз томонидан юқори баҳоланди.

Хусусан, «Asialux travel» компанияси менеджери, «Uzbekistan airways» АЖнинг Анталиядаги вакили Бобир Алимов «Конституциявий қонун лойиҳасида мамлакатимизда инвестиция, тадбиркорлик, савдо-саноат, ишлаб чиқариш каби соҳаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилгани муҳим аҳамият касб этади. Менинг фикримча, айнан Бош қомусимизда барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, мол-мулк, уй-жой дахлсизлигининг белгиланиши ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни рағбатлантиради, шунингдек, бу аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади. Ўйлайманки, юртдошларимиз ушбу ўзгаришларга бефарқ бўлмаган ҳолда референдумда фаол иштирок этиб, ўз танловларини амалга оширадилар», дея таъкидлади.

Анталияда яшаётган ватандошимиз Ахмаджон Ахрор-Мурод ҳам  мамлакатимизда амалга  оширилаётган конституциявий  ислоҳотлар мамлакатимизнинг  янада  ривожланишига, ёшларнинг ўз иқтидорларини  намоён этишига  хизмат  қилишини  билдирди. «Бугун мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида Анталияда муддатидан олдин овоз бериш ташкил этилгани, бу ерда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва таҳсил олаётган ёшлар учун жуда катта қулайлик бўлди, -деди у. - Яъни, узоқларга боришга ҳожат қолмади. Ўз ўрнида янгиланаётган Конституцияда ёшларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, мен каби ёшлар учун ҳаётда ўзларини тўлақонли намоён этиш имконияти тақдим этилаётганини алоҳида қайд этмоқчиман. Умуман, янгиланаётган Контитуцияда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилгани Янги Ўзбекистонда биз ёшларга кўрсатилаётган катта эътибордан далолат беради».