Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Анталияда Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган брифинг ўтказилди


Анталияда Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган брифинг ўтказилди

АНҚАРА, 21 апрель.  «/Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Анталия ва Алания шаҳарларда ишлаётган ҳамда маҳаллий олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ватандошлар иштирокида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар  киритиш бўйича 30 апрель кунига  белгиланган референдумга бағишланган брифинг ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Тадбирда Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумнинг мазмун-моҳиятига алоҳида  урғуланди.

Конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, эксперт ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этгани, шунингдек, жамоатчилик муҳокамаси чоғида 222 мингдан ортиқ таклиф тушгани, ҳар тўртинчи таклиф қонун лойиҳасига киритилгани ҳақидаги маълумотлар  иштирокчилар эътиборига тақдим этилди.

Хусусан, Конституциявий қонун лойиҳаси асосида амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритаётгани, жумладан, моддалар сони 128 тадан 155 тага, Асосий қонуннинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага, жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар уч ярим бараварга кўпайиши ҳамда амалдаги Конституция 65 фоизга ўзгараётгани таъкидланди.

Янгиланаётган Конституция бутун жамиятимизни аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ривожланган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бирлаштириши қайд этилди.

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида, энг аввало, инсон қадр-қиммати, манфаатлари ва ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш тургани айтиб  ўтилди. Таъкидланганидек, янгиланаётган Конституцияда  «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилининг сингдирилаётгани, мамлакатимиз ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатини олмоқда.

Шунингдек, иштирокчиларга мамлакатимиз ҳукумати хорижда яшаётган ватандошларимиз билан фаол мулоқот олиб бориш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратаётгани билдирилди. Хусусан, янгиланаётган Конституциянинг 23-моддасида «Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади»,  деган  норма  киритилмоқда.

 Ўз навбатида ватандошлар 19-26 апрель кунлари муддатидан олдин овоз беришда ва 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида фаол иштирок этишларини билдиришди.