ИСТАНБУЛ, 16 июль. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 14 июль куни Туркиядаги ўзбек диаспораси ҳамда нодавлат ва нотижорат ташкилотлари вакиллари ташаббуси билан Истанбул шаҳрининг Ўзбекистон фуқаролари кўп яшайдиган туманларидан бири бўлмиш Бағжиларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросими муносабати билан аҳоли гавжум бўладиган жамоат жойларида икки давлат ва халқлар қардошлиги ва ҳамкорлигига бағишланган ижтимоий-сиёсий акция ташкил этиди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир доирасида Туркиянинг Бағжилар тумани Хўжа Аҳмад Яссавий кўчаси чорраҳасида ва Меҳмет Акиф кўчасидаги Киразли Бағжилар метро станцияси олдида икки қардош давлат раҳбарлари учрашувидан олинган фотосуратлар акс этган баннерлар жойлаштирилди.
Ўрнатилган баннерлар ёнида “Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик” жамияти раиси ўринбосари Темур Тошкент ҳамда “Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамияти” раҳбари Озода Исломова, шунингдек Туркиядаги ўзбекистонлик фаол ёшлар ва турк фуқаролари йиғилишиб, турк-ўзбек қардошлик алоқалари, маданий, маърифий, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий натижалари ва истиқболлари ҳақида фикр алмашдилар.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда муддатидан олдин бўлиб ўтган Президент сайловлари мамлакат янги Конституцияда акс этган очиқлик, шаффофлик, тенглик каби демократик тамойилларга мувофиқ равишда ташкил этилганини эътироф этдилар.
Баннерлар жойлаштирилган ҳудудлардан ўтиб кетаётган Туркия фуқаролари ва шаҳар меҳмонлари, жумладан Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлардан келган сайёҳлар ушбу ижтимоий-сиёсий акцияни илиқ қаршилашганлари ҳолда, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги қардошлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва келгуси истиқболларига ижобий фикр билдиришди.