Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Бухоро Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали иштирокчиларни кутмоқда


Бухоро Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали иштирокчиларни кутмоқда

ТОШКЕНТ, 19 май. /«Дунё» АА/. Жорий йил 21-25 май кунлари Бухоро шаҳрида ўтказиладиган «Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали» ҳамда «Миллий каштадўзлик санъати фестивали»га сўнгги тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

 

Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, фестивалда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан 211 нафар хорижий меҳмонлар иштирок этади. Зардўз, заргар, каштадўз ҳунарманд, конференция иштирокчилари, хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа юқори мартабали меҳмонлар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари 19 майдан эътиборан келишни бошлайди. Меҳмонлар Тошкент, Бухоро шаҳридаги меҳмонхоналарга жойлаштирилади. Уларга инглиз, араб, форс, испан, турк ва рус тилида мукаммал сўзлашадиган волонтёрлар ҳамроҳлик қилишади.

Фестивалда иштирок этувчи маҳаллий ҳунармандлар рўйхати шакллантирилган. Республикамизнинг 14 та ҳудудидан 97 нафар заргар ва 10 та заргарлик йўналишида фаолият олиб борувчи корхоналар, 33 нафар зардўз, 35 нафар каштачилик ҳамда бошқа йўналишлардаги 90 нафар ҳунармандлар иштироки режалаштирилган.

-Тадбирни тарғиб қиладиган 10 дан ортиқ эсдалик буюмлар намуналари тайёрланди, – дейди Ўзбекистон «Ҳунарманд» уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Акбар Муҳаммедов.- Шу жумладан, «Зардўзлик санъати тарихи» китоби ҳам. Фестивални ўтказиш жойи сифатида «Арк» қўрғони олд майдони, унга туташ хиёбон ва Минораи Калон мажмуаси йўл ёқаси белгиланди. Маҳаллий ҳамда хорижий иштирокчиларнинг жойлашув харитаси ишлаб чиқилди.