Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Анқара шаҳридаги Миллий кутубхонада “Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази” мавзусига бағишланган фотокўргазма намойиш этилди


Анқара шаҳридаги Миллий кутубхонада “Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази” мавзусига бағишланган фотокўргазма намойиш этилди

АНҚАРА, 7 июнь. /«Дунё» АА/. Жорий йил 6-7 июнь кунлари Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Турк тарихи ва маданияти жамғармаси билан ҳамкорликда Анқара шаҳридаги Миллий кутубхонада “Ўзбекистон-Ислом цивилизацияси маркази” фотокўргазмаси намойишини уюштирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар доктори Умид Маҳмудов, Турк тарихи ва маданияти жамғармаси (TURKTAV) раҳбари Низаметтин Айкурт, Евросиё кутубхоналари ассоциацияси раиси Мустафа Чалишкан, шунингдек, турк таълим муассасалари, ишбилармон ва эксперт доиралари ҳамда маҳаллий жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Фотокўргазманинг расмий очилиш маросимида сўзга чиққан Евросиё кутубхоналари ассоциацияси раҳбари Мустафа Чалишкан Ўзбекистоннинг Ислом цивилизациясидаги алоҳида ўрни ҳамда республикада диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг эътирофи сифатида ушбу фотокўргазма ташкил этилганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у мазкур маданий тадбир умумий мерос ва халқларимиз томонидан тарихда эришилган муваффақиятлар билан Туркия жамоатчилигини яқиндан таништириш имконини берганини ҳам қайд этди.

Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси вакиллари Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари раҳнаморлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳани ривожлантириш, Ислом дини тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, улар қолдирган бебаҳо мероснинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги атрофлича маълумотларни тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола этди.

Икки кун давомида намойиш этилган фотокўргазма Марказий Осиё ҳудудининг бир неча минг йиллик шонли тарихи, унинг ривожланиши ва жаҳон тамаддуни марказларидан бирига айланишида Ислом дининг ўрни, шунингдек, Янги Ўзбекистонда диний‐маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни ўз ичига қамраб олди.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази билан имзоланган Ҳамкорлик меморандуми доирасида Анқара шаҳрида  фотокўргазма муваффақиятли  ташкил этилди, деди  Турк тарихи ва маданияти жамғармаси (TURKTAV) раҳбари Низаметтин Айкурт. - Ушбу суратлар кўргазмаси тадбир Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази билан биргаликда ташкил этиладиган тадбирларнинг бошланғич нуқтаси деб айтишимиз мумкин.

Ушбу маданий тадбир воситасида Туркия халқи қардош ва ота юрти бўлмиш Ўзбекистон тўғрисида янада кўпроқ маълумотга эга бўлишини мақсад қилган эдик.  Биз бунга эришдик, деб ўйламан.