
Айни кунларда Фарғона вилояти делегацияси Туркияда бўлиб, ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда. Риштон тумани ҳокими Суфҳонжон Солиев Бурса вилоятида бўлди. Риштон ҳамда Туркиянинг чинничилик, кулолчилик анъаналари билан машҳур Изник тумани ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида келишувга эришди. Келишувни Суфҳонжон Солиев ва Изник тумани Беледияси башкани (ҳокими) вазифасини бажарувчи Зелиҳа Пеште имзолади.

Риштон ва Изник туманлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг жорий йил февраль ойида Бурсага ҳудудлараро инвестициявий, савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришни кўзда тутган амалий ташрифи доирасидаги музокаралар чоғида белгилаб берилган эди. Ташриф давомида Риштондаги “Мингбоши керамик” корхонаси раҳбари, кулол Шокиржон Аҳмаджонов туркияликлар билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки шартномаларни имзолади.


Риштон делегацияси аъзолари Изник шаҳридаги кулолчилик музейида ҳам бўлиб, туркиялик уста-кулолларнинг ишлари билан танишдилар. Учрашувларда Ўзбекистоннинг Бурсадаги фахрий консули Али Баклан ҳам иштирок этди.