Туркиядан муносабат: Ўзбекистон Президентининг «СПЕКА–2030» тараққиёт концепциясини ишлаб чиқиш бўйича таклифи жуда муҳим
АНҚАРА, 25 ноябрь. /«Дунё» АА/. «EkoAvrasya» Евроосиё иқтисодий алоқалар ассоциацияси бошқаруви раиси Ҳикмет Эрен «Дунё» АА учун интервьюсида 24 ноябрь куни Бокуда бўлиб ўтган БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) саммити якунларини изоҳлади:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастурининг биринчи саммитидаги иштироки Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги муҳим ролини ҳисобга олган ҳолда жуда муҳим, деб баҳоланмоқда.
Ўзбекистон Президентининг янги ташқи сиёсати туфайли сўнгги йилларда Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ишонч, интеграция жараёнларини чуқурлаштириш янги сифат босқичига кўтарилди. Шунингдек, минтақадаги муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган шериклик муносабатларини ривожлантиришда Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни борлигини ҳам таъкидламоқчиман.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари билан бундан 25 йил аввал 1998 йилда Тошкентда СПЕКА ташкил этилган эди. Жорий йилда эса БМТ Бош Ассамблеясининг ушбу санага бағишланган алоҳида резолюцияси қабул қилинди.
Ўзбекистон раҳбари томонидан СПЕКА доирасида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича ишчи гуруҳлар фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш ва Дастурнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисида билдирилган таклифлар ушбу тузилмани тезроқ самарали минтақавий платформага айлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ҳамда ЭСКАТО экспертлари билан биргаликда «СПЕКА–2030» тараққиёт концепциясини ишлаб чиқиш бўйича таклифини ҳам долзарб деб ҳисоблайман.
Ўзбекистон раҳбари томонидан 2024 йилда СПЕКАнинг Мақсадли жамғармасини ташкил этишни тезлаштириш ҳақидаги ташаббуси алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу жамғарма халқаро тараққиёт институтлари билан ҳамкорликда фаолият юритиб, молиявий ресурслар ва грант маблағларини устувор лойиҳа ва дастурларга энг қулай шартлар асосида жалб қилган ҳолда «яшил» иқтисодиёт, инновациялар, юқори технологиялар, логистика, муқобил энергетика, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, замонавий ижтимоий инфратузилмани яратиш ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон етакчисининг СПЕКА доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича юқори даражадаги махсус ишчи гуруҳини ташкил этиш ва унинг илк учрашувини 2024 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифи глобал геосиёсий беқарорлик шароитида минтақа мамлакатлари дуч келаётган замонавий чақириқ ва таҳдидларни муҳокама қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу таклиф ҳам Дастурнинг барча иштирокчилари томонидан фаол қўллаб-қувватланди.