Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори моҳияти ва аҳамияти


Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори моҳияти ва аҳамияти

 

 

Қарорга мувофиқ 2021 йил 1 октябрдан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари республиканинг барча туман (шаҳар)ларида ташкил этилади.

Марказлар фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

юридик хизмат кўрсатиладиган давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш;

давлат ташкилотларига сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатиш;

давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;

давлат ташкилотларининг мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида, ҳар томонлама ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш;

давлат ташкилотлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг қонуний ҳамда ҳар томонлама пухта ва сифатли бўлишини таъминлаш.

Давлат ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмаларида 2021 йил 1 октябрдан бошлаб жами 1 386 та юридик хизматлар штат бирликлари қисқартирилади ҳамда келгусида уларга Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилади.

Қисқартирилаётган штат бирликлари ҳисобидан Марказлар фаолиятини ташкил этиш учун 1 056 та штат бирлиги ажратилади.

2021 йил 1 октябрдан давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча маълумот ва жараёнларни тўлиқ электрон равишда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва амалга ошириш имконини берувчи “E-huquqshunos” электрон тизимини босқичма-босқич жорий этилади.

Марказлар ходимларига суд процессида юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг вакили сифатида қатнашиш ҳуқуқи берилади.

Марказлар ходимлари мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимларига тенглаштирилади, шунингдек, адлия органлари ходимлари учун назарда тутилган мартаба даражалари ва кўп йиллик хизматлари учун устама ҳақ миқдорлари татбиқ этилади.

Марказ ходими бошқа давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларга ишга ўтганда унинг меҳнат стажи, мартаба даражалари, шу жумладан кўп йиллик хизмат учун қўшимча тўлов ва устамаларни тўлаш учун мўлжалланган меҳнат стажи янги иш жойида ҳисобга олинади.

Марказлар ходими сифатида камида уч йил меҳнат стажига эга бўлган шахс лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс сифатида адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонида иштирок этиш ҳамда нотариал идорада олти ой муддат стажировка ўтаб малака имтиҳонини топшириш ҳуқуқига эга бўлади.

Марказларнинг қонуний фаолиятига бирон-бир тарзда аралашиш ва тўғридан-тўғри ёки билвосита таъсир ўтказиш қатъиян тақиқланади.

Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилиши белгиланган ташкилотлар томонидан Марказлар билан келишилмаган ҳолда юридик тусдаги ҳужжатлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди. Бундай ҳужжатлар юридик кучга эга эмас ҳамда у қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.

Марказларга ўзининг асосий фаолиятига таъсир кўрсатмаган ҳолда бошқа юридик шахсларга пуллик асосда юридик хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилади.