Обратитесь в посольство
телефон
Консульские вопросы
телефон

Туркияда «Янгиланаётган Ўзбекистон – янгича сайловлар» мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди


Туркияда «Янгиланаётган Ўзбекистон – янгича сайловлар» мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

 

АНҚАРА, 6 август. /«Дунё» АА/.  Мамлакатимиз элчихонасида «Янгиланаётган Ўзбекистон – янгича сайловлар» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда 50 нафардан ортиқ ватандош, шу жумладан, Туркияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқаролар ҳамда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этди.

Давра суҳбати давомида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги ҳамда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотлар, улар бераётган салмоқли самаралар юзасидан атрофлича фикр юритилди.

Тарбир чоғида 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтгани, унда йирик сиёсий жараёнга - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилгани маълум қилинди. Қайд этилганидек, 2021 йил 24 октябрь санаси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб белгиланди.  Сайлов кампанияси 23 июлдан эътиборан бошланди.

Туркиядаги фуқароларимизнинг сайловда овоз бериши учун Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консулхонасида сайлов участкалари ташкил этилиб, сайлов жараёнини миллий сайлов қонунчилиги асосида умумэътироф этилган халқаро меъёрлар ва демократик тамойилларга таянган ҳолда очиқ ва ошкора тарзда ўтказилишининг таъминланиши алоҳида таъкидланди.

Ватандошларимиз мамлакатимизда бўлиб ўтадиган ушбу сиёсий жараённи элчихонанинг веб-сайти ва «Facebook» расмий саҳифалари ҳамда республика ОАВ орқали кузатиб боришга ва бўлажак сайловда фаол иштирок этишга даъват этилди.