Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Сиёсий партиялар Ўзбекистон Президентлигига бўлажак номзодларни кўрсатмоқда


Сиёсий партиялар Ўзбекистон Президентлигига бўлажак номзодларни кўрсатмоқда

ТОШКЕНТ, 8 август. /“Дунё” АА/. Миллий сайлов қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотнома ҳамда партиянинг Президентликка бўлажак номзоди тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши керак.

Ўтаётган ҳафта давомида мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар жорий йил 24 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирокка оид ва партиядан мамлакатимиз Президентлигига кўрсатиладиган бўлажак номзод тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгашининг мажлисида мамлакатимизнинг амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий кенгашининг мажлисида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, Шарқшунослик институти директори вазифасини жамоатчилик асосида бошқарувчиси Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгашининг пленумида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари – “Миллий тикланиш” ДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгашининг пленумида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Мақсуда Ворисова ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашининг пленумида партия Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзодлар сифатида кўрсатилди.

Ўзбекистон Сайлов кодексининг 63-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни 5 кунлик муддатда кўриб чиқиб, ариза қаноатлантирилган ҳолатда сиёсий партияларнинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномаси ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини тақдим этади.

Ушбу талаблар ижроси бажарилгандан сўнг, партияларнинг навбатдаги қурултойларида Президентликка номзод кўрсатиш масаласи кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 29 июль куни Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этиш учун бешта сиёсий партиянинг ваколатли вакилларини рўйхатга олган эди.