ТОШКЕНТ, 27 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан мамлакатимизнинг 6 нафар дипломатига Фавқулодда ва мухтор элчи олий дипломатик мартабаси берилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида қуйидаги хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналаримиз раҳбарларига олий дипломатик мартаба берилди:
-Хитой Халқ Республикасидаги элчи Бахтиёр Саидов;
-Туркия Республикасидаги элчи Алишер Аъзамхўжаев;
-Америка Қўшма Штатларидаги элчи Жавлон Ваҳобов;
-Россия Федерациясидаги элчи Ботиржон Асадов;
-Корея Республикасидаги элчи Виталий Фен;
-Кувайт Давлатидаги элчи Баҳром Аълоев.
Маълумот учун, «Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ходимлари учун дипломатия даража ва мартабалари белгилаш тўғрисида»ги қонунга кўра, Фавқулодда ва мухтор элчи унвони элчилар учун бериладиган энг юқори дипломатик мартаба ҳисобланади.
Фавқулодда ва мухтор элчи, Фавқулодда ва мухтор вакил каби мартабалар Президент фармони асосида бир умрга берилади.