Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Марказий сайлов комиссияси “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Экологик партиядан Ўзбекистон Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олди


Марказий сайлов комиссияси “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Экологик партиядан Ўзбекистон Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олди

 

ТОШКЕНТ, 11 сентябрь. /«Дунё» АА/.  Бугун Марказий сайлов комиссияси (МСК)нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

МСК  матбуот хизматининг маълум қилишича, мажлисни комиссия раиси Зайниддин Низамходжаев бошқарди.

Мажлис кун тартибидан Алишер Қодиров ва Нарзулло Обломурадовни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг гувоҳномаси тавсифи ва намунаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясининг гувоҳнома (мандат)лар учун муҳри намунасини тасдиқлаш масалалари жой олди.

Комиссия аъзолари дастлаб Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш масалаларини кўриб чиқди.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг 8 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси тегишли ҳужжатлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини тақдим этган эди. Сайлов кодексининг 39-моддасига биноан, сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси қарори билан тузилган Экспертлар гуруҳи томонидан текширилди.

Мажлисда хар иккала партия томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари қонун талабларига мослиги инобатга олиниб, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Алишер Келдиевич Қодиров ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан Нарзулло Наимович Обломурадов Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.

Шунингдек, мажлисда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди ва  Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган яна 6 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг жами 32 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари жами 907 нафарни ташкил этмоқда.

Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг гувоҳномаси тавсифи ва намунаси тасдиқланди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг гувоҳномаси 125х90 миллиметр ўлчамдаги тўқ яшил рангли қаттиқ чарм муқовали китобча кўринишига эга бўлади.

Қайд этиш жоиз, Сайлов кодексининг 40-моддасига мувофиқ, номзод этиб рўйхатга олинган шахсга рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади. Номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кунлик муддатда Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни номзоднинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини (машғулотининг турини), иш ва яшаш жойини, шунингдек уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади. Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш (35) кун қолганида тугалланади.

Мажлисда МСК аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясининг гувоҳнома (мандат)лар учун муҳри намунаси ҳам тасдиқланди.

Мажлис сўнгида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.