Embassy Contact
phone
Consular Issues
phone

Ташқи ишлар вазирлиги Оҳангарон шаҳридаги 7-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва 4-мактабга навбатдаги хайрия ёрдамини топширди


Ташқи ишлар вазирлиги Оҳангарон шаҳридаги 7-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва 4-мактабга навбатдаги хайрия ёрдамини топширди

 

ТОШКЕНТ, 10 сентябрь. /«Дунё» АА/. Илгари хабар берилганидек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри ва Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш, ушбу ҳудудлардаги «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳолини қўллаб-қувватлаш вазифалари юклатилган. Бугун ушбу йўналишдаги ишларнинг ижроси доирасидаги навбатдаги инсонпарварлик ёрдами Оҳангарон шаҳридаги 7-ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳамда 4-мактабга топширилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Шуни таъкидлаш жоизки, Оҳангарон шаҳрида шу кунга қадар Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида 10 маротаба хайрия акцияси ўтказилди. Мазкур тадбирлар давомида мактаб ва маҳаллалар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда мебель жиҳозлари, ўқув парталари, компьютер ва ноутбуклар, принтер ва проекторлар, электрон доска, коронавирус экспресс-тестлари, китоблар ва бошқа керакли асбоб-ускуналар етказиб берилди.

Вазирлик мамлакатимизнинг чет давлатлардаги дипломатия ваколатхоналари ҳамда хориждаги ватандошлар томонидан юборилган инсонпарварлик юкларининг таркиби мактаб фаолияти учун зарур бўлган ўқув қуроллари, замонавий компьютерлар ва тикув машиналаридан ташкил топди.

Оҳангарон шаҳридаги 7-ихтисослаштирилган мактаб-интернатда имконияти чекланган  ўқувчилар таҳсил олмоқда. Бугун ушбу мактабга навбатдаги хайрия кўмаги етказиб берилди.

 Жумладан, ушбу таълим масканига мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан юборилган 56 дона канцелярия жиҳози, Олма-ота шаҳридаги Бош консулхонадан тақдим этилган 1 дона ноутбук  ва Актаудаги Бош консулхона номидан 2 та тикув машинаси топширилди.

— Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг чет давлатлардаги дипломатия ваколатхоналари шу кунга қадар мактаб-интернатимизга жуда катта миқдордаги инсонпарварлик ёрдамини тақдим этди, - деди мактаб директори Дилбар Мамадова. - Мен бутун жамоамиз ва ота-оналар номидан Ташқи ишлар вазирлигига ушбу кўмак учун миннатдорлик билдираман. Аввал тақдим этилган махсус доскалар, парталар ва ногиронлик аравачалари ҳамда компьютерлардан имконияти чекланган болаларга таълим беришда унумли фойдаланаяпмиз. Келгусида вазирлик билан бу йўналишдаги ҳамкорлик янада кучайишига умид билдирамиз.

Вазирлик ходимлари мактаб фаолияти, дарс жараёнлари ҳамда мамлакатимизнинг Германия, Италия, Озарбайжон, Эрон ва Туркиядаги элчихоналари томонидан илгари тақдим этилган ўқув жиҳозларидан қандай фойдаланилаётгани билан бевосита танишди. Жажжи болажонлар ўзлари ўрганган шеърларини меҳмонлар билан баҳам кўрди.

Оҳангарон шаҳридаги 4-мактаб рус тилига ихтисослашган. Айни пайтда бу ерда  700 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги ушбу мактабга ҳам моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун навбатдаги беғараз ёрдамни тақдим этди.

Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси томонидан юборилган замонавий компьютер жамланмаси, Беларусдаги дипломатия ваколатхонаси номидан битта принтер ва Олма-отадаги Бош консулхона номидан компьютер ушбу мактаб жамоасига берилди. Бундан ташқари, 4-мактабнинг 1-«б» синф ўқитувчиси Гулжухар Пушеневанинг сўровига биноан, мазкур синф ўқувчиларининг дарс жараёнида фойдаланиши учун Олма-отадаги Бош консулхонадан тақдим этилган иккинчи ноутбук ҳам топширилди.

- Мактабимиз ўқувчилари ўз билим ва иқтидорлари билан нафақат вилоятимизда, балки бутун республикада ном қозонган. Бу фикримни жорий йилда битувчиларимиздан 57 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга киргани ҳам тасдиқлайди. Бундай натижалар, албатта, биз устозларни беҳад қувонтиради, - деди Гулжухар Пушенова. – Ўқувчиларга чуқур билим бериш учун таълим муассасида яратилган шароитлар биринчи ўринда туради. Бу борада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бизга ҳар томонлама кўмак кўрсатиб келаяпти. Бу сафар синфимиз ўқувчилари учун алоҳида совға -  компьютер берилди. Ушбу хайрия ишларида бош бўлаётган, халқимиз ва фарзандларимиз келажаги, соғлиғи учун ўзининг беминнат ёрдамини аямаётган барча саховатпеша юртдошларимизга миннатдорлик билдираман.

Оҳангарон шаҳар ҳокимининг ўринбосари билан кечган мулоқот чоғида келгуси режалар, хусусан, ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари иштирокида ўқув курслар, энг иқтидорли ўқитувчиларни рағбатлантириш мақсадида танлов ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.