Embassy Contact
phone
Consular Issues
phone

Туркияда Ўзбекистон Президенти сайловига бағишланган брифинг ўтказилди


Туркияда Ўзбекистон Президенти сайловига бағишланган брифинг ўтказилди

 

АНҚАРА, 21 сентябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбир - Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказишга бағишланган брифинг ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда мамлакатимизнинг Адана, Анталья ва Бурса шаҳарларидаги фахрий консуллари қатнашди.

Брифинг қатнашчиларига Ўзбекистон Президенти сайловолди кампаниясининг бориши, сайловда сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг ўрни, миллий сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар, сайловда қатнашадиган номзодлар ҳамда уларнинг сайловолди дастурлари юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консулхоналарида, шунингдек, Туркиянинг бошқа шаҳарларида муддатдан олдин овоз бериш жойларини ташкил этиш, овоз бериш тартиб-қоидалари ва сайловларни ўтказиш ҳақида сўз юритилди.

Тадбир чоғида мамлакатдаги пандемия шароитини эътиборга олиб, Ўзбекистон Президенти сайловини санитария-эпидемиология талабларига тўла амал қилган ҳолда сайловчиларга барча шароитлар яратиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Брифинг якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди ва режалаштирилган тадбирларда фаол иштирок этишга тайёр эканини билдирди.