Embassy Contact
phone
Consular Issues
phone

Туркиядаги ватандошлар: Менинг овозим Ўзбекистоннинг келажаги учун муҳим аҳамиятга эга ва мен сайлаган номзод мамлакатимиз истиқболига муносиб ҳисса қўшишига ишонаман


Туркиядаги ватандошлар: Менинг овозим Ўзбекистоннинг келажаги учун муҳим аҳамиятга эга ва мен сайлаган номзод мамлакатимиз истиқболига муносиб ҳисса қўшишига ишонаман

 

АНҚАРА, 16 октябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Туркиянинг Бурса, Карабук ва Конья шаҳарларида Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Анқара шаҳридаги элчихонаси ҳузурида ташкил этилган 43-сайлов участкаси томонидан тузилган муддатидан олдин овоз бериш сайёр нуқталарида Карабук ва Кастамону ҳамда Конья ва Караман шаҳарлари университетларида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда ушбу минтақаларда ваытинча меҳнат қилаётган ватандошларимиз Ўзбекистон Президентлигига номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб, ўзлари танлаган  номзод учун овоз берди.

Карабук давлат университети талабаси Улуғбек Йўлдошев  сайловда илк маротаба иштирок этди. У ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. 

- Бугун менинг ҳаётимда унутилмас кун бўлди.Чунки илк бора мен ҳам  ўз конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб, Ўзбекистон Президенти сайловида овоз бердим, - деди у. - Менинг овозим Ўзбекистоннинг буюк келажаги учун муҳим аҳамиятга эга эканига ва мен сайлаган номзод мамлакатимиз истиқболига муносиб ҳисса қўшишига ишонаман.

Мазкур олий таълим муассасининг иқтисодиёт факультети талабаси Азиз Худойберганов Ўзбекистонда сайлов кампаниясининг бориши, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари ва уларнинг чиқишларини кузатиб бораётганини маълум қилиб, сайлов пайтида бошқа мамлакатда бўлишига қарамай, ўзи муносиб деб билган номзод учун овоз берганидан хурсандлигини билдирди.

- Мамлакат келажаги ва равнақига ҳамда амалга оширилаётган сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро албатта ўтказилаётган сайловда иштирок этиши шарт, деб ҳисоблайман, - деди у. - Фурсатдан фойланиб, Туркиядаги барча ватандошларимизни ушбу сайловда фаол иштирок этишга чақираман.

Конья шаҳридаги Селжук университети  талабаси Умаржон Mаннонов янги Ўзбекистоннинг келажаги учун овоз берганидан мамнунлигини яшира олмади.

- Мен бизнес бошқаруви соҳасида таълим олаяпман, - деди талаба. - Бугун тенгдошларим қатори мен ҳам мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Конья шаҳрида ташкил этилган муддатидан олдин овоз бериш  бўйича сайёр сайловда ўз овозимни бердим. Туркияда таҳсил олаётган ёшлар ушбу сайловда жуда фаол. Барчамиз янги Ўзбекистоннинг келажаги учун овоз бераяпмиз.

Маълумот учун, бугун бир пайтнинг ўзида республикамизнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳузуридаги 44-сайлов участкаси томонидан Ўзбекистоннинг Бурсадаги фахрий консулхонасида тузилган Президент сайловида муддатидан олдин овоз бериш нуқтасида ҳам овоз бериш жараёни бўлиб ўтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизнинг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасида ташкил этилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш жараёни  20 октябрь кунига қадар давом этади.